13:57 / 19.05.2017
19659

Тожикистон транспорт вазирлиги нима учун самолётлари Тошкентга учмаётганини тушунтириб берди

Фото: Flickr

Тожикистон транспорт вазирлиги маҳаллий “Сомон Эйр” авиаташувчиси Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича ҳалигача нима учун парвоз қилмаганини тушунтириб берди, деб ёзмоқда «Азия-Плюс» ахборот агентлиги.
 
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси томонидан бир ҳафтада 2 марта амалга оширилувчи Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича рейснинг тўлиқлик даражаси 50 фоиздан ошмайди.

Тожикистоннинг “Сомон Эйр” авиакомпанияси айнан шу сабаб туфайли Ўзбекистон пойтахтига ўз рейсини очишга шошилмаяпти. Тожикистон транспорт вазирлиги Тошкентга ҳалигача тожик самолёти учмаётганига шундай изоҳ берган.

“Биз учун Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида авиарейсни очиш муҳим эди, буни ҳар икки давлат аҳолиси кўп йиллар давомида кутди. Агар рейс талабгор бўлса ва йўловчилар сони ортса, Тожикистон авиакомпанияси албатта Тошкентга уча бошлайди. Ҳозирча Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида шерикликни йўлга қўйиш бўйича иш давом этмоқда”, - дея хабар берган Тожикистон транспорт вазирлигидаги манба “АП”га.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдан Душанбега биринчи мунтазам рейс “Ўзбекистон ҳаво йўллари” томонидан 11 апрель куни амалга оширилди. Ўшанда самолёт бортида 29 киши бўлган. Ўзбекистон компанияси томонидан Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича рейс бир ҳафтада икки бора – сешанба ва шанба кунлари амалга оширилмоқда. Парвоз вақти тахминан бир соатга тенг.

Айни дамда бир томонга чипта нархи 140 долларни ташкил этади, бу эса, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов сўзларига кўра, тадбиркорлар учун жуда ҳам қиммат бўлмаслиги мумкин, бироқ оддий фуқаролар учун анча баланддир. “Биз авиачипталар нархини пасайтиришга ҳаракат қиламиз”, - деди у.

Top