Ўзбекистон | 18:10 / 18.04.2024
22947
2 дақиқада ўқилади

Оғабек Собиров, Муножат Йўлчиева, Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Усмонова «Тожикистон халқ ҳофизи» бўлди

Имомали Раҳмоннинг фармони билан ўзбекистонлик санъаткорлар фахрий унвонлар билан тақдирланди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев фармони билан тожикистонлик маданият ва санъат ходимлари ҳам тақдирланди. 

18 апрел куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фармони билан Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ўзбекистонлик санъаткорлар тақдирланди. 

Жумладан, Ўзбекистон миллий мусиқа санъати институти «Мақом хонандалиги» кафедраси профессори Муножатхон Йўлчиева, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон давлат филармонияси «Лазги» ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Оғабек Собиров ва хонанда Юлдуз Усмоновага «Тожикистон халқ ҳофизи» фахрий унвони берилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиевга «Тожикистон халқ артисти» фахрий унвони топширилди. 

Душанбе шаҳридаги Миллат саройида ўзбекистонлик санъаткорларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон президенти фармони билан Тожикистоннинг маданият ва санъат ходимлари ҳам тақдирланди. 

Жумладан, Тожикистон миллий консерваторияси ректори Мирали Дўстизода, Тожикистон миллий консерваторияси доценти Исмоил Назриев, Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг «Шошмақом» ансамбли раҳбари Фурқат Саидзода, Бобожон Ғафуров тумани шошмақом ансамбли раҳбари Тўлқин Тожибоев, Тожикистон давлат филармонияси «Фалак» ансамбли бадиий раҳбари Раҳматулло Ҳошимов «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлди.

Мавзуга оид