17:49 / 21.05.2017
24106

Аросатда қолган кўча: бир томон ҳаракатдалигини, иккинчи томон эса аксини гапирмоқда

Кун.uz таҳририятига Ўзбекистоннинг турли чеккаларидан мурожаатлар келиб тушишда давом этмоқда. Улардан бирида шундай дейилади: “Ассалому алайкум. Мен Назаров Аброр Фарғона вилояти Қўқон шаҳар, 15-МФЙга қарашли Баркаовул кўчаси номидан ёзяпман. 

2014 йили электр таъминоти корхонаси ишчилари (ТП) ускунаси ўрнатиш мақсадида кўчамизнинг асфальтини кўчириб, кабель ётқизишларини айтиб, кавлашган. Кўчани қайта асфальтлаш ишини айнан шу корхона ўз зиммасига олган эди. Бундан ташқари, телеграф ходимлари ҳам кўчаларни кавлашгани сабаб, маҳалламиз ачинарли аҳволга тушиб қолди. 

Шахсан ўзим 2017 йилнинг 1 апрель куни Сайёр қабулхона вақтида, Ўзбeкистон Прeзидeнти маслаҳатчиси келганида қабулларига кириб, шу масалани айтишни мақсад қилдим. Аммо Шаҳар ҳокими ўринбосари Зокиржон Парпиев: “ука, индамай қўявер, ўзим бош-қошчилигимда душанба кунидан таъмирлаш ишлари бошланади”, деди. Лекин ваъданинг устидан чиқилмади. 

Бу орада шу масала юзасидан шаҳар ҳокимининг қарори чиқди. Қарорда айтилишича, шаҳар электр таъминотига мазкур масала юзасидан кўрсатма берилган. Шу қарорга асосланиб, маҳалла номидан 2017 йил 17 февралда электр таъминотига ариза бердик. Аризамизга жавоб келмагач, ўзимиз суриштиришга мажбур бўлдик. Буни қаранг-ки, у ерда биз томондан ёзилган ариза йўқ бўлиб чиқди. Аммо ёнимизда мазкур аризанинг нусхаси бор эди. 

Хуллас, электр корхонасидан натижа чиқмагандан кейин Қўқон шаҳар Халқ қабулхонасига бордик. Қабулхонада ариза ёздик, аризамиз жавоби келди. Унда шундай ёзилган эди: “Сизга шуни маълум қиламизки, мазкур кўчани асфальтлаштириш бўйича шаҳар электр таъминоти корхонасига тегишли кўрсатма берилганлиги ва тез орада таъмирлаш ишлари амалга оширилиши тушунтирилади”. Биз яна Қўқон шаҳар қурилиш ишлари бўйича шаҳар ҳокими ўринбосари Зокиржон Парпиевнинг олдига кирдик. У киши эртага асфальтни ямаб туришади, қолганини кейинроқ қилиб берамиз деди. Лекин асфальт қилинмади. Шу масала бўйича ёрдам сўраб қайси идораларга мурожаат қилиш керак? Бизнинг кўча шундай қолаверадими? Болалар, ёши катта кексалар кечқурун йиқилиб тушяпти. Бу муаммо қачон ҳал этилади?”.

Мазкур муаммо юзасидан мухбиримиз Аҳрор Зиё Қўқон шаҳар ҳокимлигига ташриф буюриб, йўл бўйича масъуллар билан суҳбатлашди. Қўқон шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш ва коммуникация, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Зокиржон Парпиев ушбу масала юзасидан ўз фикрини билдириб ўтди: 

“Одамларимиз ниҳоятда бесабр бўлиб кетишганми, ҳайронман. Бу муаммо бўйича нафақат Кун.uz сайтига, балки бошқа манбаларга ҳам қайта-қайта мурожаат юбориляпти. Аввало, улар айтган асфальтлаштириш масаласи 2017 йилги қурилиш ишлари дастурига киритилган. Буни фуқароларга қайта-қайта тушунтирсак-да, “ўз билганлари”дан қолишмяпти. Улар айтган масала, 1-3 ой ичида ўз ечимини топади, дейишимизга қарамасдан яна ўша аҳвол. Ҳудди биз бу ишни ўз ҳолига ташлаб қўйгандек.

Аслида, улар айтган масала 2018 йилги дастурга киритилган. Буни елиб-югуриб жорий йилги дастурга киритдик, республика раҳбарияти билан келишган ҳолда. Яна нима қилиб бериш керак? Наҳотки, одамлар тушунишмаса, бу осонликча битиб кетадиган иш эмас. Қўқон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган барча ишлар шаҳар ҳокими томонидан тасдиқланган. 19 хил йўналишдаги чора-тадбирлар белгиланган ишларимизнинг энг асосий масаласи йўл қурилишидир. Бу биринчи навбатда ҳал этиладиган масала. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу масала 2017 йил июнь охирига бориб ўз ечимини топади. Маҳалла фаолларига ҳам тушунтириш ишларида ёрдам беришни сўрадик. Буни "Баркаовул" маҳалла аҳли тушунишини, шикоят ўрнига сабр қилиб туришларини истардик. Бор гап шу. Биз ҳаракат қиляпмиз”.

Қарс икки қўлдан чиқади. Бир томон ҳаракатда бўлса, иккинчи томон сабр қилса, ҳар икки ҳолатнинг ҳам сўнгги яхшилик билан тугайди. Юқоридаги тушунмовчилик ҳолатлари чиқмаслиги учун тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, маҳаллаларда ҳар ҳафта йиғилиш қилиб, олиб борилаётган ва истиқболдаги ишлар юзасидан одамларга тушунтириш бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Top