17:09 / 22.05.2017
10778

Ўзбекистонлик аёллар маслаҳат марказларига қайси муаммоли масалалар юзасидан мурожаат қилмоқда?

2017 йил 22 май куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Аёллар маслаҳат марказлари фаолияти юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда марказ раҳбарлари ва ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди. 

Тошкент шаҳридаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасида тиббий ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, уй бекаларининг турмуш тарзи, дунёқараши ва муносабатларини ўрганиш, турли маънавий хуружлардан сақлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва "Маҳалла" хайрия фонди билан ҳамкорликда 2014 йилда Шайхонтоҳур туманида, 2015 йилда Олмазор ва Учтепа туманларида Аёллар маслаҳат маркази ташкил этилди.

Маълум бўлишича, 2015-2016 йилларда марказларга 15724 нафар хотин-қиз ташриф буюрган. Улардан 6356 нафари турли масалалар бўйича ёрдам сўраб, мурожаат этишган. 5693 шахсга услубий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилган. 2368 нафар фуқаронинг муаммоли масаласи ижобий ҳал этилган. 

2017 йилнинг дастлабки тўрт ойида 4081 киши мурожаат қилган бўлиб, 1777 нафар шахснинг муаммосини ҳал этишда кўмак берилди. 

Марказга аёллар асосан қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳамда бандлик, ишга жойлашиш хусусида, шунингдек, бола тарбиясида юзага келаётган муаммолар, ҳомиладор аёлларга зарур бўлган маслаҳатлар, онкологик касалликка чалинган беморларнинг психологик ҳолатини тиклаш масалалари юзасидан баъзан шикоят, айрим ҳолларда, ёрдам ва тавсиялар сўраб, мурожаат қилишади. 

Аёллар маслаҳат марказлари аёллар ва хотин-қизлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг дардини тинглаш ва муаммоли масалаларини ҳал этиш учун ташкил этилган. 

Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган Аёллар маслаҳат марказларига қуйидаги манзил ва телефон рақамлари орқали мурожаат этишингиз мумкин:

Олмазор тумани, Нодира кўчаси, 19А-уй. 
Тел: 240-56-06

Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 8-уй.
Тел: 245-73-82

Учтепа тумани, Уйғун кўчаси, 492-уй.
Тел: 243-02-86

Top