15:09 / 23.05.2017
30053

Туркманистонга ташриф якунлари: Ўзбекистон денгиз портларига чиқиш имкониятларини изламоқда

Фото: President.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19–20 май кунларида Туркманистонга амалий  ташриф билан борди. Бу — давлатимиз раҳбарининг президентликка сайлангач, қўшни давлатга иккинчи ташрифи бўлди. Ёдингизда бўлса, Ш.Мирзиёев сайловдан сўнг илк хорижий ташрифини айнан Туркманистондан бошлаган эди.

Президентнинг март ойидаги илк ташрифида Ашхободда Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда қўшма баёнот имзоланган эди.

Президентлар гувоҳлигида 2018–2020 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, темирйўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум, маданий-гуманитар соҳада 2017–2019 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро ҳамкорлик дастури ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2017–2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган эди.

Хоразм ва Дошоғуз вилоятлари ҳамда Лебап ва Бухоро вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланган эди. Лебап вилояти маркази Туркманобод шаҳрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ўрнатилган ёдгорлик очилган, шаҳарнинг асосий кўчаларидан бири ҳам унинг номи билан аталган эди.

Дарҳақиқат, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсатда муштарак қарашларга эга, турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиш учун бири бирини тўлдирувчи, улкан салоҳиятга эга мамлакатлар ҳисобланади.

Президентнинг иккинчи ташрифида Г.Бердимуҳамедов билан учрашиш учун Балкан вилоятининг маъмурий маркази Туркманбоши шаҳрига етиб борди. Амалий ташриф давомида қатор муҳим келишувларга эришилди.

Музокаралар якунида икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида нефть-газ, энергетика, фан-таълим, экология, транспорт-логистика, туризм ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди. 

Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади

Туризм соҳасини оладиган бўлсак, Туркманистонда Каспий денгизи бўйидаги соғломлаштириш ва дам олиш масканларига ўзбекистонлик сайёҳларни жалб қилиш имконияти бор. Президент ташрифи олдидан Каспий денгизи соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказлари ўзбекистонлик болаларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган эди. Ана шу таклифга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола «Даянч» болалар соғломлаштириш марказида дам олмоқда.

Ўзбекистоннинг ҳам қадимий шаҳарларига Туркманистондан сайёҳлар оқимини кўпайтириш назарда тутилган.

Маданият ва спорт соҳасидаги ҳамкорликлар билан бир қаторда ҳар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш ушбу ташрифлардан кўзда тутилган асосий мақсад эканлигини имзоланган битим ва ҳужжатлардан ҳам кўриниб турибди.

Г.Бердимуҳамедов ва Ш.Мирзиёев март ойида Амударё орқали ўтувчи Туркманобод-Фароб янги темир йўл кўпригини очишган эди. Янги темир йўл кўпригининг узунлиги 1750 метр, энг илғор технологияларни қўллаш орқали қурилган. Катта сейсмик барқарорликка эга ва ўта оғир юк поездларининг ўтиши ҳисобга олинган конструкциялардан фойдаланилган. Ушбу кўприк Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида юк ва йўловчи ташиш бўйича жуда катта потенциалга эга муҳим объект ҳисобланади.

Ш.Мирзиёев Амударёдан ўтувчи темирйўл ва автомобиль кўприклари очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда янги кўприкларнинг «дўстлик кўприклари, яқин қўшничилик анъаналарини давом эттириш рамзи бўлиши»га ишонч билдирган эди.

Президентимиз муҳандислик хусусиятлари ва геостратегик аҳамиятига кўра ноёб ҳисобланган Туркманобод-Фароб кўприкларининг ишга туширилиши нафақат икки биродар халқ, балки бутун Марказий Осиё ҳаётида муҳим бир даврни бошлаб беришини таъкидлади.

«Биз Туркманбоши шаҳридаги денгиз порти, шунингдек Ашхобод–Туркманбоши халқаро автобани қурилишининг тугалланишини катта умид билан кутяпмиз, — деган эди Ўзбекистон президенти. — Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш Туркманистон ва Марказий Осиё минтақасининг транспорт-транзит имкониятларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради».

Туркманобод-Фароб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг очилиши самарасида юк ташиш кўрсаткичи 2,5 баробар ортгани қайд этилди. 

Маълумки, Ўзбекистон Лихтенштейн билан биргаликда атрофини ўраб турган қўшнилари ҳам жаҳон океанларига тўғридан тўғри йўли йўқ икки давлатдан бири ҳисобланади. Биз жаҳон океани соҳилларидаги портларга чиқишни истасак, Туркманистон билан юксак ҳамкорлик қилишимиз талаб этилади. 

Жумладан, Каспий денгизидаги Туркманбоши портидан Россиянинг Волга дарёси, Волга-Дон канали орқали Қора денгизга, Волга-Болтиқ сув йўли билан Болтиқ денгизига чиқишимиз мумкин бўлади. Шунингдек, Турманистон орқали Форс кўрфазида жойлашган Эроннинг Бандар-Аббос портига йўл очиш мумкин.

Илгарироқ Қозоғистон, Туркманистон ва Эрон Ўзбекистонни айланиб ўтувчи темир йўл барпо этиш ҳақида келишув имзолаган эди. Янги транспорт йўлаги муваффақиятли тарзда фаолият кўрсата бошласа, Ўзбекистон ҳам ушбу йўлакдан фойдаланиши мумкин бўлади.

Юқоридагилар ҳисобга олинадиган бўлса, транспорт транзити соҳасида Туркманистон билан изчил ҳамкорлик қилиш зарурияти нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади.

Туркманистон билан ёқилғи энергетика соҳасида ҳам ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистон халқаро ТАПҲ лойиҳасида иштирок этади

Маълумки, Туркманистон қазиб олаётган табиий газ Ўзбекистондан ўтувчи қувурлар орқали Хитойга ва Россияга экспорт қилинади. Ш.Мирзиёев Г.Бердимуҳамедов билан учрашувида Ўзбекистоннинг Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури қурилиши лойиҳасида иштирок этиш истагини билдирди.

ТАПҲ газ қувури йилига 33 млрд. куб метр газни ўтказа олади. Умумий узунлиги 1814 км.ни ташкил этувчи газ қувури Туркманистоннинг жанубидаги Галкиниш газ конидан Ҳиндистоннинг Фозилка шаҳригача боради.

«Ўзбекнефтгаз» илк маротаба денгиздан нефть қазиб олишни йўлга қўймоқчи

«Ўзбекнефтгаз» МҲК бошқаруви раиси Алишер Султонов маълум қилишича, компания илк бор денгиздан нефть қазиб олишни йўлга қўймоқчи. Ушбу битим ўта ноёб ҳисобланади. Чунки «Ўзбекнефтгаз» ҳали ҳеч қачон геология-қидирув ишларини бошқа давлатлар ҳудудида олиб бормаган, денгизда ишлаш бўйича тажриба ҳам йўқ. Лекин А.Султоновнинг сўзларига кўра: «Буни қачондир бошлаш керак эди. Бу дегани — бизнинг ҳудудларда қазиш ишларини олиб борадиган корхоналаримиз ўзининг технологик қудрати ва кадрлар тайёрлашни юқори даражага кўтариши шарт бўлади».

«Денгиздан қазиб олинган нефтнинг бир қисми Ўзбекистонга кетади. «Ўзбекнефтгаз» заводларимизни арзон хом-ашё билан таъминлаш ва имкон қадар нефть маҳсулотларининг таннархини ҳамёнбоп қилишни мақсад қилмоқда. Имзо чекилган келишув айнан шу мақсадлар учун хизмат қилади», — деди А.Султонов. 

Ўзбекистон ва Туркманистон электр энергия оқими ҳамда транзит борасида келишиб олишди

Ўзбекистон ва Туркманистон электр энергия оқими ҳамда транзит борасида ҳам келишиб олишди.

«Ўзбекэнерго» компанияси ҳамда Туркманистон Энергетика вазирлиги шанба куни электр энергия транзити ва оқими соҳасидаги ҳамкорликка доир меморандумни имзолашди. 

Мазкур меморандум Ўзбекистон энерготизими орқали Туркманистондан Қозоғистон ва Қирғизистонга электр энергияси транзити бўйича ҳамкорлик ривожини кўзда тутади. 

Шунингдек, меморандум «Туркманэнерго»нинг «Ўзбекэнерго» олдидаги қарзини узиш ҳисобига электр энергиясини етказиш масалаларини ҳам ўз ичига олади.

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда ҳар икки мамлакат манфаатлари муштараклиги, кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун қатъий хоҳиш мавжудлиги, давлатлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун улкан салоҳият ва имкониятларга эга экани таъкидланди.

Ш.Шокиржонов тайёрлади

Top