11:22 / 31.05.2017
109632

Президент видеоселекторда банкирларни қаттиқ танқид қилди

Интернетда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишдан аудиоёзув тарқалди. Ушбу йиғилиш қачон ва қаерда ўтказилгани ва унда кимлар иштирок этгани аниқ эмас. 

3,5 дақиқалик аудиоёзувда йиғилиш давомида президент банк соҳаси вакилларини қаттиқ танқид қилиб ўтганини билиш мумкин. Жумладан, Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Саидкамол Хўжаевга танбеҳ берилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Рустам Азимовнинг керакли даражада иш олиб бормагани туфайли иқтисодий комплекс оғир аҳволга келганини қайд этган.

Қуйида президентнинг ушбу сўзлари матнга кўчирилган стенограмма келтирилган.

(Аудиоёзув Мирзиёевнинг баланд овоздаги сўзлари ўртасидан бошланган):
- ...Нимага керак?! Бунақа банкир нима учун керак?! Булунғурда энг камида 2та ёки 3та банк бор. (Залдан уни кимдир тузатади). Ҳа, 4та! 30тадан бўлса нечта одам? 120та одам. У 30та эмас, кўп (одам ишлайдиган) банк, катта банк. Ана, 200 одам нима иш қилаяпти? Ҳеч бало қилмаяпти.

(Президент залдагилардан бирига — Булунғур тумани ҳокимига юзланади):

- Ўзинг сўрагин, сан иқтисод комплексининг раҳбари бўлгансан. Биров сўрайдими улардан, биров пишагини пишт, дейдими у банкирларнинг?! Санга бўйсунмайди! Бўйсунмайди. Вилоят банкири Булунғурга етиб бормайди, ҳеч қачон. Унинг вақти йўқ, обед қилиши керак, Самарқандда. Ухлаши керак яхшилаб, хуриллаб, обеддаям бориб ухлаб келади, яхши овқат ҳам еб келади.

У банкир-да, у! Вой-вўй! Шу ўзига хон, ўзига бек у! Булунғурда биров унинг пишагини пишт, демайди. Ҳар ойда, шерикчиси бор, пулни олиб кириб турибди — тамом! Бу —ҳақиқат! 4та банк бўлган давлат идораси ўша, 4та банк, 120 одам энг камида, энди уйма-уй юриб, уйма-уй юриб, халқимизни тадбиркор қилишга банклар вакил! 

Хаджаев! Хаджаев! Хаджаев! (Президент бу вақтда столни бирма-бир чертади). Яна бир марта Саидолим [Саидкамол Хўжаев назарда тутилади - таҳр.], шуни айтаяпсанми, бу ноинсофларга? Ёки санга ҳам чора кўришим керакми? 

(Узоқроқдан микрофонсиз, паст овозда жавоб бераётган Хўжаевнинг овозини тушуниб бўлмайди, унинг сўзларини тинглаб бўлгач, Мирзиёев сўзида давом этган):

- Сан ўзинг айт! Банкирингга пиёда юриш, албатта, ёқмайди. Ё ёқадими? Ёқадими-йўқми?! Ёқмайди! 10 йил маза қилиб юрган одамни ҳозир ишлатишнинг ўзи бўладими?! Ҳеҳ! У санга бўйсунадими, маза қилиб юрибди-ку, шу ойлигини вақтида олади, биздан кўп олади. Кечир, хафа бўлма, порани олади! 3та кредит берса, 3та кредитни берган (олган демоқчи - таҳр.) одам ҳар куни унга салом беради.

(Президент баланд овозда ўхшатиш қилади):
- Ассалому алайку-ум, Эшмат ака-а! 
Ҳокимга салом бермайди, банкка салом беради: “Тошмат ака-а”, дейди.

Унинг юриши ҳам ўзгариб қолади, дарров у банкирни. Бу — ҳақиқат! Ердаги иш шу-да! Бизда тизим тепада бор, пастда мутлақо тизим йўқ, десак — ишонаверинглар. Агар бу тизимни маҳкам ушлаб, Тошкентда ўтирган, Азимовга ўхшаганлар пастга тушиб ишлаганида, бу нарса бўлмасди. Шу ҳолатга келтирдик энди, иқтисодий комплексни. На эгаси бор, на сўрови бор! Йўқ: эгаси ҳам йўқ, сўрови ҳам йўқ! 

Буларни ишлатиш керак-ку, булардан нима учун одамлар норизо? (Столни тақиллатиб чертди), ўзи шуларнинг ишламагани учун одамлар норизо! (Столни муштлайди).

Агар (одамларнинг) уйга бориб, кредит бериб, ишлатаман, деган одам ҳеч қачон давлатга душман бўлмайди! Ҳеч қачон!

Бизни халқимиз шундайки, “кредит бермаса ҳам уйимга келди-я”, дейди. “Худога шукр, вазият ўзгарибди, ноинсофга инсоф берибди”, дейди. “Инсоф берибди!” дейди!

Инсоф бериштириш сани қўлингда. Сан иқтисод комплексининг каттаси, нега уларни чақириб, бир нима демайсан?..

Сан ҳам молиядан қўрқасан! Нимага десанг, молиянинг ҳар битта раҳбарини Тошкентда ўтирган ишдан олади. Сан ишдан олишинг керак! Ҳали 50 фоизини ишдан ҳайдайман, районда ўтирган молиячиларнинг! Ҳаммаси — бездельник! Нимага жавоб беради у, ноинсофлар?!

Мана шу гапларни бугун аччиқ бўлса ҳам сизларга...
(шу ерда аудиоёзув тўхтаган).

Маълум бўлишича, ушбу аудиоёзув президентнинг Самарқанд вилоятига январь ойидаги ташрифи давомида ўтказилган йиғилишда ёзиб олинган.

Top