Президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича 2024 йил учун устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Таҳлилларга кўра, мамлакатда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етарли экани таъкидланди.

Шундай улкан имкониятни ишга солиш масаласига анча йиллар давомида эътибор берилмай келингани, лекин сўнгги йилларда бу соҳада ҳуқуқий база яратилгани туфайли инвесторлар учун жозибадор муҳит шакллангани қайд этилди.

“Яшил энергия” манбаларини барпо қилиш бўйича юртимизда катта дастурлар бошланди. Бугунги кунга қадар соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда

Ўзбекистонда 2024 йилда электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда. Қайд этилишича, эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд имкониятлар барча ҳудудларда ҳам тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу борада 2024 йил учун дастлабки режалар етарли эмаслиги қайд этилди. Мутасаддилар ўтган йилдан сабоқ чиқариб, бу йўналишда икки карра кўп ишлаши ва аниқ натижа кўрсатиши кераклиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, президент жорий йилдан бошлаб йирик “яшил энергия” қувватларини барпо этиш бўйича уч йиллик дастурни амалга оширишга ўтилишини таъкидлади. Сабаби, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун янги қувватларга мос тармоқларни қуриш, электр сақлаш қурилмаларини ўрнатиш, зарур материалларни ишлаб чиқаришни режа қилиб, ҳозирдан бошлаш керак.

Шунинг учун аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанцияни қуриш, жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қувватларини ўрнатиш мўлжал қилиб олинди.

Ўзбекистонда 2024 йили ишга туширилиши режалаштирилган 14 та станция қурилиши жадаллаштирилади

Энергетика вазирлигига жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилган 14 та станция қурилишини жадаллаштириш топширилди.

Булар — Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида 2 гигаваттли 11 та қуёш, Бухоро ва Навоий вилоятларида 600 мегаваттли 3 та шамол станцияси. Ушбу станцияларни барпо этиш доирасида 500 километр юқори кучланишли электр тармоқлари қурилади. Янги йирик станцияларни тармоққа улаш учун 5 та подстанция кенгайтирилади.