22:28 / 03.06.2017
24865

Мутахассислар: Ўзбекистондаги шаҳарлар 40 йил аввалги режалар билан ривожлантирилмоқда

Фото: «Газета.uz»

3 июнь куни Тошкент архитектура-қурилиш институтида "Архитектура симпозиуми" бўлиб ўтди. Унда германиялик мутахассислар доктор Тило Хильперт ва Йенс Йордан тошкентлик архитекторлар, шаҳарсозлар билан замонавий шаҳарни режалаштириш масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда "Газета.uz" нашри хабар бермоқда

Кўтарилган мавзулар орасида ҳудудларни реконструкция қилиш, жамоат транспорти тизимларини лойиҳалаш ва замонавий ғояларни амалиётга татбиқ қилиш муаммолари бўлди. Ўзбекистонлик архитекторлар ва шаҳарсозлар ўз нутқларида шаҳарни режалаштириш соҳасида ислоҳотлар зарурлигини айтиб ўтишди.

"Шаҳарсозлик бу бошқармалар орасидаги мувофиқлаштиришни талаб қиладиган мураккаб соҳадир. Бизга ақлий марказ керак. Собиқ Иттифоқ вақтида бундай марказдан учта бўлган. Бугун Ўзбекистонда бундай марказ йўқ. Унинг яратилиши жуда муҳимдир", деб айтди институт кафедра мудири, профессор Муҳаммад Аҳмедов.
 
Профессорнинг айтишича, бош режаларни тасдиқлашнинг амалдаги тартиботи жуда ҳам бюрократик бўлиб, модернизация қилиниши лозим. Олимнинг фикрича, шаҳарни режалаштиришда ҳали ҳам 1980-йилларнинг услубиятидан фойдаланилмоқда.

"Бош режаларни тузиш билан шуғулланувчи институтлар жамият учун очиқ эмас. Режани кўздан кечиришнинг умуман имкони йўқ. Менда мавжуд маълумотларга кўра хулоса қилишимча, Тошкент бош режаси ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари режаларида собиқ Иттифоқ вақтида мавжуд бўлган муаммолар ҳал қилинмаган.  Хордали магистраллар каби баъзи ғоялар ҳанузгача амалга оширилмоқда. Ваҳоланки, улар Тошкентнинг 1973 йилдаги бош режасига киритилган", деб айтди институтнинг яна бошқа бир профессори Шукур Асқаров.

Профессор ҳукумат маҳаллий мутахассисларни шаҳарни яхшилаш ишига жалб қилмаётганлигидан шикоят қилди. "Мен, эҳтимол, Ўзбекистонда "шаҳарсозлик" мутахассислиги бўйича ягона фан доктори бўлсам керак. Мустақилликнинг барча йиллари давомида бош режани муҳокама қилиш учун мен бирор марта таклиф қилинмаганман", деб айтди профессор. 

Германиялик мутахассис, Берлин, Франкфурт, Филадельфия, Дамашқ ва Чэнду шаҳарларидаги лойиҳалар устида ишлаган архитектор Тило Хильперт "Шаҳар-ферма" ғояси ҳақида сўзлаб берди. Унинг фикрича, келажакда йирик шаҳарлар аҳолиси озиқ-овқат билан муаммоларга дуч келадилар, чунки унинг истеъмоли ишлаб чиқарилишидан ўзиб кетмоқда.

Хильпертнинг фикрича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши муаммоси шаҳарнинг ўзида, юқори технологик вертикал бино-фермалар орқали ҳал қилиниши керак.

Мутахассис Тошкент ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашиб, уни чиройли шаҳар деб атади. У, шунингдек, маҳаллий архитекторларнинг ишларига юқори баҳо берди.  

Симпозиум Тошкентдаги Гёте-Институти ва ТАҚИ томондан "Нефтдан кейинги шаҳар. Келажак шаҳри тарихи" кўргазмаси доирасида ташкиллаштирилди. У 19 июнгача Бадиий академия залининг марказий кўргазма залида давом этади.  

Симпозиум доирасида ТАҚИ талабаларининг архитектура лойиҳалари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Top