01:15 / 03.06.2017
44205

Ўзбекистонда ёнғоқ плантацияларини кенгайтириш бўйича президент қарори қабул қилинди

Фото: Wikimedia

1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош бўлган ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига замонавий ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш ҳамда ёнғоқ етиштириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш мақсадида қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, «Sag agro» ва «Sam antep gilam» МЧЖларнинг таклифига кўра, ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси тузилмоқда. Уюшма таркибида МЧЖ шаклида Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази, Ёнғоқ логистика маркази, «Sag agro МТП» МЧЖ, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ҳудудий «Ёнғоқагро» МЧЖ ташкил этилади.

Қисқача қилиб айтганда, уюшманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • маҳаллий табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган ёнғоқнинг серҳосил замонавий плантацияларини яратиш;
  • республика ҳудудларида ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўриш;
  • ёнғоқнинг серҳосил ниҳолларини лаборатория шароитларида етиштиришни ташкил этиш;

«Sag agro» МЧЖ ва «Sam antep gilam» МЧЖ, «Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази» МЧЖ, «Ёнғоқ логистика маркази» МЧЖ, «Sag agro МТП» МЧЖ, шунингдек, ҳудудий «Ёнғоқагро» МЧЖлари Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасининг муассислари ҳисобланади.

«Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази» МЧЖ ёнғоқни маҳаллий иқлимга мослаштириш ва районлаштириш, серҳосил, тез пишар, қурғоқчиликка чидамли ва вируссиз навлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади;

«Ёнғоқ логистика маркази» МЧЖ ёнғоқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга, шунингдек, экспорт қилинадиган маҳсулотларни тайёрлаш ва божхона ҳужжатлари расмийлаштирувини таъминлашга ихтисослашади;

«Sag agro МТП» МЧЖ ёнғоқ ишлаб чиқарувчиларга агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича механизация хизматлари кўрсатади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (раҳбари З.Мирзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ), Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда 2017–2021 йилларда ёнғоқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқади.

Дастурда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

биринчи босқичда (2017–2019 йиллар) – ёнғоқ кўчатларини республикага олиб келиш;

иккинчи босқичда (2018–2019 йиллар) – ёнғоқни пайвандлаш учун пайвандтагларни келтириш;

учинчи босқичда (2020 йил) – лаборатория шароитида ёнғоқнинг тегишли минтақа табиий-иқлим шароитларига мос юқори ҳосилдор навларини ишлаб чиқариш;

тўртинчи босқичда (2018–2020 йиллар) – ёнғоқ етиштириш ва уни ички ҳамда ташқи бозорда сотишни йўлга қўйиш.

Ёнғоқ плантацияларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан четдан олиб келинадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган томчилатиб суғориш ускуналари, махсус қишлоқ хўжалиги техникалари, ёнғоқ кўчатлари, пайвандтаглари, пайвандустлари, оналик материаллари, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида, божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) 2020 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга озод этилади.

Лойиҳаларини амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилади.

Top