11:27 / 08.06.2017
7911

18 мингдан кўпроқ номзоддан Марсга юборилиши мумкин бўлган 12 бўлғуси фазогир танлаб олинди

Фото: © Flickr

Хьюстондаги Жонсон номидаги коинот марказидаги тантанали маросимда НАСА раҳбари лавозимини бажарувчи Роберт Лайтфут Ой сарҳадларидан узоқроққа парвозлар амалга оширувчи ва эҳтимол биринчи бўлиб Марсга жўнатилиши мумкин бўлган фазогирлар гуруҳига 5 аёл ва 7 эркак танлаб олинганини маълум қилди.  

"Сиз Америкадаги энг яхшилар ичра энг яхшиларсиз... НАСАнинг бутун жамоаси сизга бўлғуси миссияга тайёрланишингизда ёрдам беришга тайёр", деб айтди Лайтфут.

2017 йилда фазогирларга қабул қилинишга рекорд сондаги одам – 18 минг 353 киши ариза берганди. АҚШда бу касбга ҳали ҳеч қачон қизиқиш бундай юқори бўлмаган. Бунгача бу борада рекорд йил 1978 йил ҳисобланиб келинарди, ўшанда 8 минг номзод аризаси қабул қилинганди. 

Бўлғуси фазогирларни таништириш маросимида шунингдек АҚШ вице-президенти Майк Пенс ҳам иштирок этди. У "Сиз ичимиздаги энг яхшиларисиз ва сизни олдинда Ойдан узоқроққа парвоз қилиш кутиб турибди ва эҳтимол сиз Марсга биринчи бўлиб учадиган инсонлар бўласиз", деб айтган. Пенс фазоригларни табриклаб, уларга "ҳали ҳеч ким бўлмаган жойларда жавоб топиш учун журъатли бўлишни" тилаб қолди.

Танловда иштирок этиш учун аризалар қабул қилиш 2015 йил декабрдан 2016 йил февралгача давом этган. Танловда АҚШнинг муҳандислик, биология, тиббиёт, компьютер ва математика соҳасида бакалавр илмий даражасига эга бўлган фуқаролари ва камида минг соат парвоз қилган ҳарбий учувчилари қатнашишлари мумкин бўлган.

НАСАда таъкидланишича, бўлғуси фазогирлар 2-3 йиллик тайёргарликдан ўтишлари керак бўлади. Улар келгусида нафақат Халқаро коинот станциясига, балки ер атрофи орбитаси ва Ойдан узроқроққа ҳозирда қурилаётган Orion кемасида парвоз қилишларига ва Марсга учиш учун ҳозирлик кўришларига тўғри келади. Фазогирлар НАСАга тегишли Orion’дан ташқари, SpaceX компаниясининг Crew Dragon ва Boeing компаниясининг CST-100 Starliner коинот кемаларида ҳам учишларига тўғри келиши мумкин.

Аввалги фазогирларга қабул 2013 йилда амалга оширилиб, унда 4 аёл ва 4 эркакдан иборат гуруҳ шакллантирилганди.

Бўлғуси фазогирлар олдиларида турган улкан мақсадларни бажариш учун жорий августдаёқ Хьюстонга тайёргарликни бошлаш учун келадилар.

Top