Фан-техника | 23:38 / 20.12.2023
34343
2 дақиқада ўқилади

NASA биринчи марта узоқ фазодан юқори аниқликдаги видеони Ерга узатди 

Лазер ёрдамида маълумот узатилиши анча истиқболли экани аниқланди. Бу келажакда одамларни Марсга жўнатишга ёрдам бериши кутилмоқда. 

Фото: NASA

Американинг NASA космик агентлиги маълумотлар оқими технологияларини синовдан ўтказиш доирасида биринчи марта узоқ фазодан Ерга Ultra HD форматдаги видеони юборди. 

15 сониялик видеода ходимлардан бирининг Тейтерс исмли мушуги лазер кўрсатгич билан ўйнаётгани тасвирланган. Видео 13 октябр куни Флоридадан SpaceX Falcon Heavy ракетасида учирилган «Психея» космик кемасига олдиндан юкланган. 

Мушук тасвирланган видео 11 декабр куни лазер ёрдамида деярли 19 миллион мил (тахминан 30 миллион километр) масофадан Ерга узатилди - бу Ердан Ойгача бўлган масофадан 80 баравар кўп. Видео узатиш 101 сония давом этди. Сигнал Калифорниядаги Хейл телескопи томонидан қабул қилинди, сўнгра ҳар бир кадр Реактив ҳаракатлар лабораториясга (JPL) юборилди, у ерда видео реал вақт режимида тўлиқ ижро этилди. 

Лойиҳа раҳбари Райан Рогал сўзларига кўра, миллионлаб километр масофага қарамай, узоқ фазодан сигнал узатиш тезлиги Интернет орқали узатишдан тезроқ бўлган. 

Лазерли видео оқим NASA томонидан келажакдаги одам миссияларини Ер орбитасидан ташқарида амалга ошириш имконини берувчи муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда. 

«Ушбу синов кейинги улкан сакраш - одамларни Марсга жўнатишни қўллаб-қувватлаш учун юқори тезликдаги алоқаларга йўл очади», дейилади NASA хабарида.

Мавзуга оид