16:55 / 19.06.2017
11713

Самарқандлик ёш журналистларга сертификатлар топширилди (фото)

Самарқанд вилоятининг бош нашри — «Зарафшон» газетаси қошида ташкил этилган журналистик маҳорат маркази фаолият бошлаганига ўн йил тўлди. Бу вақт мобайнида марказ журналистикага иштиёқманд икки юздан ортиқ ёшларни тарбиялаб берди. Бугун бу ёшларнинг ўттиздан ортиғи мамлакатнинг турли ҳудудларидаги газета-журналларда, радио-телевидениеда меҳнат қилмоқда.

«Зарафшон» газетаси қошида фаолият кўрсатаётган марказга барча таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлардан 20 нафари саралаб олинмоқда. Ёш журналистлар ҳафтанинг икки кунида «Зарафшон» газетаси, қолаверса, Самарқанд вилоятида ОАВларида фаолият кўрсатаётган таниқли журналистлар, ҳуқуқшунослар, тилшунос олимлар томонидан маҳорат сабоқлари олишди.

— Марказда ўқишлари давомида тингловчиларни босмахоналарга, телевидение студиялари, радиога таништириш учун олиб бордик, шунингдек, интернет журналистика сирлари билан яқиндан таништирдик. «Самарқанд китоб олами» маънавий-маърифий марказига саёҳат ташкиллаштирдик, — дейди ўқувчиларнинг устозларидан бири Манноб Ибодуллаев.

«Зарафшон» газетаси ёш журналистлар учун махсус саҳифа ташкил қилиб борилаётгани, бундан ташқари, марказ тингловчиларининг Ziyo номли рамзий газетаси бўлиб, ундаги мақолалар тингловчилар томонидан тайёрлаб келинади.

Ўқувчиларга сертификат топшириш маросимида «Зарафшон» газетаси бош муҳаррири Фармон Тошев сўзга чиқиб, бу йилги тадбир марказнинг ўн биринчи битирувчиларини тақдирлаш маросими бўлаётгани билан ўз сўзини бошлади. 


«Марказ дастлаб ОАВни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида бундан ўн йил муқаддам ташкил этилган эса-да, унга қизиқиш шу даражада юқори бўлдики, кейинчалик марказни «Зарафшон» газетаси ҳомийлигида давом эттиришга қарор қилдик. Бу ерда таълим олган иқтидорли ёшларнинг бугунги кунда журналистика ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини кўриб, тўғри йўл танлаганимизга амин бўлмоқдамиз», — деди Ф.Тошев.

Шунингдек, сўзга чиққанлардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Нигора Раббимова, вилоят мусиқали драма театри директори Баҳодир Шаропов, «Паст Дарғом ҳақиқати» газетаси муҳаррири Бахтиёр Шукуров, тожик тилида чоп этилувчи «Овози Самарқанд»газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Жумаев сўзга чиқишди ва бу йил марказни битираётган 22 нафар тингловчини табриклашди, уларнинг барчасига курс тингловчиси бўлгани хусусидаги сертификатларни топшириб, келгусидаги ишларида ижодий зафарлар тилашди.

Марказнинг Сирожиддин Халилов, Парвина Тўрақулова каби тинглочилари сўз олиб, уларни ўқитган, касб сирларини ўргатган устозлари Толиб Жўраев, Тоҳир Норқулов, Гулрух Мўминова, Акром Ҳайдаров, Убайдулла Сирожев, Ғолиб Абдусаломов, Манноб Ибодуллаев ва бошқаларга самимий миннатдорчилик билдириб, олқиш ёғдиришди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.Uz мухбири.

 

Top