12:52 / 19.06.2017
32013

Тошкентда босқинчилик йўли билан 12,5 млн сўмни қўлга киритган шахслар ушланди, улардан бири аёл киши

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

2017 йилнинг 15 июнь куни тахминан соат 08:30 ларда, номаълум шахс, босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, Юнусобод тумани ҳудудида фуқаро Ситора Абдусаматовага (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) ҳужум қилиб, тан-жароҳати етказиб, ундан 12.500.000 сўм нақд пул маблағларини эгаллаб, ҳодиса жойидан яширинган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 1-қисми (босқинчилик, яъни ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт учун ҳавфли бўлган зўрлик ишлатиб содир этиш ) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган эди. 

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тергов тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни муқаддам судланган, Тўлқин Абдугаппарович Халилов, Бекзод Тўхтасин ўғли Абдуллаев ва Марҳуба Носировна Пўлатовалар содир этишганлиги аниқланиб, улардан талон-торож қилинган пуллар далилий ашё сифатида олинган. 

Халилов, Абдуллаев ва Пўлатоваларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Юқоридаги шахсларнинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкин.

Top