09:25 / 04.07.2017
50125

«Керак бўлса 24 соат ишлаймиз» — Ёш вазир ўринбосари ўзига вазифалар белгилаб олган

3 июль куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси «Ўзбекистонда ёшлар сиёсати: долзарб масалаларга замонавий ёндашув» мавзусига бағишланди. Тадбир давомида 30 июнь куни «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг навбатдаги Қурултойи вақтида Халқ таълими вазирининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлаган Алишер Саъдуллаев ҳам сўзга чиқди.

Яқин кунларда 23 ёшни қаршилайдиган Алишернинг раҳбар ўринбосари лавозимига тайинлангани ижтимоий тармоқлар орқали катта шов-шувга сабаб бўлди. Фойдаланувчиларнинг бир қисми мазкур янгилик барча ўзбек ёшларига ибрат бўлиши ва давлат идоралари бошқарувига ёшларни жалб этиш вақти келганини қайд этишди. Яна бир тоифа кишилар эса бундай масъулиятли вазифани катта тажрибага эга инсонларга топшириш кераклигини таъкидлашди. 

Халқаро пресс-клубнинг жонли мулоқоти давомида Алишер ўз режалари ва янги вазир ўринбосари сифатида олдига қўйган вазифалари билан ўртоқлашди. 

«Ёш раҳбар сифатида ўз олдимга янги режаларни қўйдим. Фаолиятим давомида ёшларнинг жамиятимиз ҳаётида фаол бўлиши учун ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан. Фикримча, биз ёшлар қаерга ишга кираман, ким билан ишлайман, қанча пул топаман, деб эмас, балки қанча иш ўрини ярата оламан, деб ўйлашимиз керак. Бизнинг хориждаги тенгдошларимиз янги лойиҳаларни жаҳонга намойиш қилмоқда. Юртимизда ҳам ҳар бир ёш бирлашиши зарур. Бизда куч-ғайрат, шижоат бор, 24 соат ишлаш керак бўлса, 25 соат ҳам ишлаймиз. Лекин тажриба ҳам зарур. Ривожланган мамлакатлардан ўрнак олиб, глобал фикрлаб, кейин эса маҳаллийлаштиришимиз лозим», - дея Алишер Саъдуллаевнинг сўзларини келтирган «Кун.уз» мухбири. 

Халқ таълими вазирининг ўринбосари ёшларнинг тарбиясида боғча ёши ҳам катта рол ўйнашини алоҳида қайд этди. Унинг маълум қилишича, Халқ таълими вазирлиги тасарруфида 5 миллионга яқин болалар бўлса, шулардан 1 миллион нафари мактаб ўқувчилари, 4 миллионини эса боғча болалари ташкил этади. «Шундай экан, боғча мудиралари ҳамда ота-оналар ўртасида мустаҳкам кўприкни шакллантириш керак бўлади», деган у. 

«Янги иш фаолиятимнинг дастлабки 100 кунида қиладиган асосий вазифаларим - боғчадаги шарт-шароит, ҳолатларни ўрганиш, уларга янгича тизимларни олиб кириш. Дам олиш кунида Тошкент шаҳридаги иккита мактабга ташриф буюрдим. Улардан бирининг кўрсаткичлари паст бўлса, иккинчиси намунали мактаб эди. Нега айнан икки хил кўрсаткичга эга таълим даргоҳи ўрганилди, деган савол туғилиши табиий. Сабаби, икки мактаб солиштирилганда, асл муаммолар негизи нимада эканлиги, яхши таълим муассаси даражасига кўтарилиш учун нималар қилиш лозимлиги яққол намоён бўлади. Шу нарсага амин бўлдимки, чиндан ҳам ҳар вилоятларга бориб, ёшлар билан суҳбатлашиб, уларни руҳлантиришимиз керак» , - деди вазирнинг 22 ёшли ўринбосари.

Top