“Жадидлар” тўплами ўзбек жадидчилигининг 8 нафар йирик вакили: Ғулом Зафарий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, асарлари ҳақида китобхонга қисқа маълумот беришга ҳаракат қилади. Тўплам Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан лотин алифбосида нашр этилган.

Ўртача 150 бетли 60х84 бичимидаги китобчалар қутиларга солинган шаклда китобхонларга тақдим этилди. Агентликнинг маълумот беришича, тўплам устида 4 ой давомида 20га яқин мутахассис ишлаган. Тўпламдаги 8 китобга 8 нафар жадидшунос олим муаллифлик қилган. Улар орасида жадидшуносликнинг дарғалари саналган Ҳамидулла Болтабоев, Баҳодир Каримов каби олимлар бор.

Ҳар бир жилд „Адиб ҳаёти“, „Фаолияти ва ижоди“, „Ҳикматли сўзлари“, „Эътироф“ ҳамда „Фойдаланилган адабиётлар“ бўлимларига бўлинган.

Лойиҳа учун 1,5 млрд сўм ажратилган

Агентлик раҳбари Алишер Саъдуллаевнинг берган маълумотига кўра, “Жадидлар” тўпламини тайёрлаш ва 23 минг (ҳар бир тўпламда 8тадан жами 184 мингта китоб) нусхада чоп этиш учун агентлик томонидан 1 млрд 416 млн 800 минг сўм маблағ ажратилган.

“Жадидлар” тўпламидаги ҳар бир китобни ёзиш учун муаллифларга 10 миллион сўмдан гонорар ажратилган. Ҳар бир тўплам ўрта ҳисобда 61 600 сўмга, ҳар бир китобча эса 7 700 сўмга тўғри келмоқда.

Бюджетнинг бошқа харажатлари билан таққослаб, фойдали йўналишдаги китобларга ажратилган маблағни камтарона дейиш мумкин. Бироқ танқидчилар бу тўпламнинг жадидлар ҳақида чиқарилган биринчиси ҳам, мукаммали ҳам эмаслиги, мукамалликка даъво қилмайдиган тўпламни нашр қилиш нега керак бўлганини сўрашмоқда.

Алишер Саъдуллаевнинг айтишича, нашрдан мақсад – “Жадидлар” китоби тўпламини аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали маърифатпарвар жадид боболаримиз ҳақида ҳар бир ёшнинг хабардорлигини ошириш ҳисобланади.

Агентлик раҳбарининг фикри бир қараганда умумий гапга ўхшаб тасаввур уйғотади. Чунки жадидлар ҳақида олдин нашр этилган тўпламлар ҳам кенг оммага мўлжалланганди ва жадидларни танитиш мақсад қилган. Хўш, унда “Жадидлар”нинг ўзига хос жиҳати нимада?

“Китоблар мактаб ўқувчисига тушунарли бўлиши учун ёзилди”

Бу саволга тўпламнинг “Абдулла Қодирий” китоби муаллифи, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов жавоб берар экан, китобга ҳар қачонгидан ҳам ишончли бўлган, баҳсли бўлмаган маълумотлар киритилгани, айрим маълумотлар кенг жамоатчилик учун ҳам янги эканини таъкидлайди.