10:52 / 05.07.2017
21005

Талабалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилишини якдиллик билан қўллаб-қувватлашмоқда

30 июнь куни ўтказилган Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳаракат негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш таклифини бергач, бу таклиф бир овоздан маъқулланган эди.

Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида президентнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” мавзусидаги нутқи мазмун-моҳияти ҳамда Қурултой иши давомида билдирилган фикрлар ва такифлар тўғрисида маълумотлар бериш, университетда таҳсил олаётган талаба-ёшларга таништириш мақсадида тарғибот учрашуви бўлиб ўтди. 

Учрашувда университетда таҳсил олувчи талаба, Қурултой делегати Шукуруллохон Анваров, Олмазор тумани делегати Шерзод Мухамедов, университет ректори Авазжон Марахимов ҳамда соҳа проректорлари, факультетлар деканлари, уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ёш педагог-ходимлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тарғибот учрашуви очиқ мулоқот шаклида ташкил этилиб, аввало йиғилганларга Қурултой якунлари, қабул қилинган қарорлар ҳамда президент томонидан берилган таклиф ва тавсиялар тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумотлар берилди. Қурултой делегати Шукуруллохон Анваров ўз сўзида президент томонидан берилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш таклифи Қурултой делегатлари томонидан бир овоздан мақулланганлиги ҳамда бу ташкилот мамлакат ёшларининг барча тоифа ва гуруҳларини қамраб олиши, уларни демократик принциплар асосида бирлаштириши белгилаб берилганлиги тўғрисида маълумотлар берди.

Бўлғуси ташкилотнинг ҳуқуқий мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва нуфузини, обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши тўғрисидаги фикрлар билан Шерзод Мухамедов йиғилганларга атрофлича маълумот берди.

Университет ректори Авазжон Марахимов ўз сўзи аввалида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилингани муносабати билан учрашувга йиғилган барча ёшлар самимий муборакбод этди ҳамда президент маърузасидан келиб чиққан ҳолда ўз хулосалари билан ўртоқлашди. 

Ректор сўзида давом этар экан, бевосита йиғилган ёшлардан янги тузилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти унинг мақсад вазифаларини оғишмай рўёбга чиқариш жараёнларида ёшлардан ўз кучлари ва қобилиятларини ишга солишда фаоллик кўрсатишлари керак эканлигини бу жараёнда ҳар қандай ташаббусларни университет раҳбарияти қўллаб-қувватлашини билдирди.


 
Шундан сўнг учрашувда ёш педагог-ходимлар ва талаба-ёшлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиши ғоясини кўтаринкилик билан кутиб олганликларини, юртбошимизнинг ёшларга янгидан-янги имкониятларни яратиш бўйича давлат ташкилотлари олдига қўйган вазифалари ҳамда бир қатор имтиёзларни якдиллик билан қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Шунингдек, учрашувда университетда таълим ва тарбия ишларини янги босқичга кўтариш, талаба-ёшларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириши ҳамда ижтимоий маънавий муҳитни янада яхшилаш талаба-ёшлар томонидан университет ректорига бир қатор таклифлар берилди ҳамда университет ректори ушбу таклифларни университет ҳаётига жорий қилиш бўйича мутасадди ходимларга топшириқлар берди. 

Учрашув сўнгида шундай учрашувлар йил давомида ҳар ойда бўлиб ўтиши белгилаб олинди. 

Top