Шу йилнинг 29 август куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотида раҳбар ўзгариши кузатилди. Унга кўра, Қаҳрамон Қуронбоев Ёшлар Иттифоқи раислигидан кетди ва унинг ўрнини ташкилот раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Алишер Саъдуллаев эгаллади.

Kun.uz Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили ва келгуси режалари ҳақида фикрлашиш мақсадида Алишер Саъдуллаев билан суҳбат ташкил қилди. Ташкилот раҳбари билан қилган мазкур суҳбатимиз Ўзбекистонда ёшлар масалалари ва бу борада уларни қийнаётган муаммолар, янги режалар ҳамда ёш раҳбарнинг шахсий каръерасидаги ўсиш сирлари ҳақида кечди.

- Камолот ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Қурултойидаги чиқиш, Халқ таълими вазири ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига келиш ва ушбу ташкилотда раҳбарлик...

 Алишер, Ўзбекистонда деярли барча сизни мана шу босқичлардан бошлаб билади, танийди. Айтинг-чи, Алишер Саъдуллаев ундан аввал ким эди?

- Яхши эслайман, мактаб давридан бошлаб яхши ўқишга, бошқалардан ажралиб туриш ва лидерликка ҳаракат қилардим. Кейинчалик Жиззахдаги умумтаълим мактабини тамомлаб лицейда таҳсил олдим.

Лицейда ўқиётган пайтда инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқишим бошланган ва ўша пайтларда бу тилнинг жаҳонни ўрганиш учун калит эканлигини тушунгандим.

Шу сабабли, лицей давримда кўп вақтимни хорижий тилдаги адабиётларни мутолаа қилишга сарфлардим.

Ўша пайтда яна бир воқеа яхши эсимда қолган, дадам менга маҳалламизда ҳали кўпчиликда бўлмаган янги ноутбукни олиб берган эди.  Ўша пайтда бу ноутбукнинг нархи 725 доллар эди. Кейин Тошкентга келиб 107 долларга принтер қурилмаси ва 7 долларга модем олиб кетганмиз. Менимча, дадам бу ишларни ўғлим илм олсин, илм олиб келажакда яхши касбларни эгалласин, деб қилган. Чунки, биз бадавлат эмасдик, оиламиз ўртаҳол эди.

Бу ота-онани, улар фарзанди учун қилган меҳнатларни қадрлайдиган бола учун жуда катта қарз.   

Лицейни тамомлаб, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишга кирдим. Ўша пайтда оиламизда чет эл олий таълим муассасалари ҳақида тўла тасаввур бўлмагани учун бироз иккиланишлар ҳам бўлган, қайсики, кейинчалик Ўзбекистондаги давлат ишларига жойлашиб кета оладими, деган хавотирлар бор эди. Бундай хавотирлар ҳозир ҳам кўпчилик ёшларда бор. Шу ўринда уларга қарата айтмоқчи эдимки, сизда етарли салоҳият, билим ва ўз касбини яхши кўриш хислатлари бўлса ҳар қандай ишга жойлаша оласиз.