23:05 / 06.07.2017
13920

Самарқандда катта миқдордаги контрафакт электр ҳисоблагичлар ушлаб қолинди

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари хорижда ишлаб чиқарилган катта миқдордаги контрафакт электр истеъмоли ҳисоблагичларининг Ўзбекистонга ноқонуний йўл билан олиб ўтилишининг олдини олишди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Вилоятда қўшма корхоналардан бирининг номига темир йўл орқали юборилган контейнерлардан бири ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, унда йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилганидек “жинси” матолари келтирилганлиги аниқланди.

Лекин ушбу матолар орасида эса йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган 2120 дона электр ҳисоблагич яширилганлиги фош бўлди. Бу ҳам етмаганидек, Хитойда контарафакт тарзда ишлаб чиқарилган ушбу қурилмаларнинг аксариятига харидорларни чалғитиш мақсадида “Электрон ҳисоблагич МЧЖ шаклидаги ўзбек-хитой қўшма корхонаси. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган”, деган ёзувлар қайд қилинган. 

Бундан ташқари, ҳар бир қадоқланган қурилмаларга ҳисоблагич паспортлари ва Ўзбекистон Миллий сертификация тизими томонидан тасдиқланган мувофиқлик сертификатлари илова қилинган. 

Дастлабки суриштирувлар давомида маълум бўлишича, мазкур курилмаларнинг тахминий қиймати 300 млн. сўмдан ошади.

Олиб борилган текширувлар ва суриштирув ишлари давомида, ушбу ҳисоблагичлар контрафакт товарлар эканлиги аниқланиб, қонуний тарзда фаолият юритаётган корхоналарга тегишли савдо белгилари остида, ушбу ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини поймол қилган ҳолда ишлаб чиқарилган, барча техник паспортлар ва мувофиқлик сертификатлари қалбакилаштирилган.

Яъни, бир муҳим жиҳат шундаки, ҳисоблагичлар орасидаги DDS28u русумлиларини ишлаб чиқариш 2016 йилдан бошлаб тўхтатилган. Экспертларнинг хулосасига кўра, мазкур контрафакт товарлар электр энергиясидан фойдаланиш давомида кўрсаткичларни юқори кўрсатиб, тез ишдан чиқади ва ўрнатилган техник талабларга жавоб бермайди.

Ўзбекистон Республикаси худудига ноқонуний олиб кирилган ушбу контрафакт товарлар ҳолати юзасидан божхона органлари томонидан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда. 

Барча контрафакт товарлар олиб қўйилган ва божхона омборига жойлаштирилган.

Top