19:50 / 07.07.2017
55470

Президент Наманганда ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев Чуст туманида қурилаётган Ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчи завод имкониятлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

«Ифода агро кимё ҳимоя» масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ва «Ҳамкорбанк» кредитлари ёрдамида бунёд этаётган ушбу заводда қишлоқ хўжалиги экинларини турли касалликлардан ҳимоя қилувчи 28 турдаги кимёвий препаратлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Корхонанинг лойиҳа қиймати 6,5 миллион долларни ташкил этади. 

Ушбу завод ишга тушганидан кейин хориждан келтирилаётган кимёвий препаратлар билан мамлакатимизни тўлиқ таъминлаш, ҳатто хорижга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. 

Президент препаратларни тайёрлашда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, экспортни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. 

Шу ерда Наманган вилояти ҳудудидаги паст рентабелли адирларда ёнғоқзор, пистазорлар бунёд этиш, пахта ва ғалла майдонларини камайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, ковул экишни ташкил қилиш, паррандачилик ва эчкичиликни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Давлат раҳбари кам ҳосил берадиган, зарар кўриб ишлаётган туманларда пахта ва ғалла майдонларини кескин камайтириш, унинг ўрнига юқори даромад берадиган мева-сабзавот, полиз экинларини экиш лозимлигини таъкидлади. Токи одамларимиз меҳнатининг роҳатини кўрсин, ҳаётидан рози бўлсин. 

Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида, жумладан, Наманган вилоятида ўсадиган ковул барги, меваси ва томир пўсти табобатда қўлланилади. Турли шишларни даволаш, нафас қисиши, талоқ қотиши, қуртларни ҳайдаш, полиартрит, бўқоқ каби касалликларни даволашда ишлатилади. Бу йил вилоятнинг 3 минг гектардан зиёд майдонида ушбу ўсимликни экиш режалаштирилган. Кам харажат ва оз меҳнат талаб қиладиган бу ўсимликдан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин. 

Президент ковул етиштириш бўйича илмий асосларни ишлаб чиқиш, экспорт қилиш механизмини яратиш, вилоятда ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Халқ орасида кавар деб ҳам аталадиган ушбу ўсимлик шифобахш хусусиятга эгадир. Қуйидаги мақолада кавар ўсимлиги ҳақида батафсил маълумот берилган. Унда келтирилишича, бу ўсимликдан йилига 1 гектаридан 125 минг доллар даромад қилиш мумкин.

Кавар ёки оёқ остида ўсадиган даромад - йилига ҳар гектаридан 125 минг доллар

Top