20:20 / 14.07.2017
32096

Фото: Юридик университетга укаси ўрнига ҳужжат топширмоқчи бўлган «зиёли снайпер» қўлга тушди

Тошкент давлат юридик университети қабул комиссиясига укасининг ўрнига ҳужжат топширишга уринган шахс ўз мақсадига эриша олмади. Бу ҳақида «Кун.uz»га ТДЮУ қабул комиссияси вакиллари маълумот беришди.

2017 йил 9 июль куни соат 9-30 да ТДЮУ қабул комиссиясига ўзини 1994 йилда туғилган фуқаро Жабборов Аббос (фамилия ўзгартирилган) деб таништирган фуқаро ҳужжатларни тақдим этди.

Мазкур шахс билан ўтказилган дастлабки суҳбат, унинг паспорти ва бошқа ҳужжатларидаги шубҳали ҳолатлар, паспортдаги сурат ва ҳужжатни тақдим этган шахснинг ташқи ўхшашлигидаги жиддий тафовутлар қабул комиссияси ходимларида асосли шубҳа уйғотди.

Ўтказилган суҳбатдан кейин сохта абитуриент ҳақиқатда бу фуқаролик паспорти унга тегишли эмаслигини, бошқа шахсни номидан келганлигини тан олди ва ўзи ҳақидаги ҳақиқий маълумотларни маълум қилди.

Маълум бўлишича, ушбу шахс 1991 йили Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган Жабборов Шахбоз бўлиб, у 2015 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтининг бакалавр босқичини тамомлаган.

Мазкур ҳолат бўйича тегишли тартибда шахслардан тушунтириш хатлари олинди, далолатнома тузилди ҳамда барча материаллар ички ишлар органига юборилди. Ҳозирда суриштирув ишлари кетмоқда.

Top