Ўзбекистон | 07:43 / 14.04.2022
9176
1 дақиқада ўқилади

Архитектура ёдгорлиги бўлган Юридик университет биносида ўзбошимчалик билан деворлар тешилгани аниқланди

Юридик университетнинг масъул раҳбари жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Фото: Sputnik

Қайд этилишича, пойтахтнинг Сайилгоҳ кўчасида жойлашган, XIX асрга оид бетакрор архитектура ёдгорлиги бўлган (собиқ эркаклар ва аёллар гимназияси) Тошкент давлат юридик университети томонидан фойдаланиб келинаётган бинолар мутахассислар томонидан ўрганилган.

Бунда, тегишли рухсатнома олинмасдан, бино деворлари тешилиб қайд этиш тахтачалари ўрнатилгани ва атрофлари бўялгани, совиткич (кондиционер) двигателлари ҳамда соябонлар ўрнатилгани аниқланган.

Олийгоҳ раҳбарияти томонидан қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатма бажарилмагани сабабли, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга тақдим қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 31.03.2022 йилги қарори билан олийгоҳнинг масъул раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима қўлланилган.

Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда, дейилади маҳкама хабарида.

Мавзуга оид