11:10 / 27.07.2017
11676

Самарқандда икки бола ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 10 йилга озодликдан маҳрум этилди

2017 йилнинг 29 март куни кечаси тахминан соат 23:00да Тайлоқ тумани Маданият маҳалласидан ўтувчи А-377 Самарқанд–Айний автомобиль йўлида рўй берган ва икки бола ўлимига сабаб бўлган йўл транспорт ҳодисаси бўйича айбдор жавобгарликка тортилди.

Ургут тумани Бойбул қишлоғида яшовчи ҳайдовчи Элдор Абдужабборович Рустамов бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз «Ласетти» русумли автомашинани йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда бошқариб, Самарқанд-Ургут йўналиши томон ҳаракатланиб кетаётган вақтда Тайлоқ тумани Маданият қишлоғида яшовчи Акобир Қурбонов, Муҳаммаджон Муҳаммадиев ва Умид Сувоновни уриб юборган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Натижада рўй берган мудҳиш йўл транспорт ҳодисасида воқеа жойида жабрланувчи Акобир Қурбонов вафот этган, Муҳаммаджон Муҳаммадиев шифохонада ҳаётдан кўз юмган. 

Мазкур ҳолат бўйича вилоят йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси томонидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари натижасида муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140- ва 109-моддалари билан судланган фуқаро Элдор Рустамов маст ҳолатда, йўл ҳаракати қоидаларининг 109-бандига зид равишда, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига келганда юқори тезликда йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланиб келаётган пиёдаларни уриб юборгани аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Тайлоқ туман суди томонидан «Хуршид транс» масъулияти чекланган жамияти биносида ўтказилган сайёр судда йўл транспорт ҳодисаси бўйича тузилган жиноят иши ҳужжатлари атрофлича ўрганилиб судланувчи, жабрланувчининг қонуний вакиллари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ва фикрлари тингланди. 

Халқимизда қилмиш — қидирмиш, деган нақл бор. Йўл таранспорт қоидаларига амал қилмасдан, ҳеч қандай ҳужжатсиз, маст ҳолатда автомашина бошқариб икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган Элдор Рустамов устудан суд ҳукми ўқилди. Суд ҳукмига кўра судланувчи Элдор Рустамов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга транспорт воситасини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Фарҳод НОРБЎТАЕВ,
журналист

Top