10:27 / 28.07.2017
10956

Ўзбекистон қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда

Ўзбекистонда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ маълумотларига кўра, “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида хитойлик инвесторлар билан биргаликда “Great  Wall  Ceramics” ҚК томонидан қуввати йилига 3,5 млн. кв.м бўлган сопол плиткалар ишлаб чиқарувчи лойиҳа амалга оширилмоқда. Корхонани ишга тушириш 2018 йил апрель ойига режалаштирилган. Натижада 100 га яқин янги иш ўринлари яратилиши, импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош, сифатли пардозбоп сопол плиткаларни ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Жиззах вилоятида “Мега инвест” ҚК томонидан базальт толаси асосида замонавий энергиятежамкор арматура ва иссиқлик сақловчи материалларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Европа технологиясига асосланган, евростандарт талабларига жавоб берувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 52 млн долларга тенг бўлиб, бундан 15 млн доллар хорижий инвестицияни ташкил қилади.

Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида қуввати йилига 2,1 млн. кв.м. бўлган керамик плиткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси Эроннинг “EMG” хорижий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Мазкур қувватларни ишга туширилиши 2017 йил тўртинчи чорагига режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 11,0 млн.АҚШ долларига тенг бўлиб, бундан 8,0 млн доллар хорижий инвестицияни ташкил қилади.

Ички эҳтиёжни қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2615-сонли “2016-2020 йилларда қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ўз вақтида қабул қилинган бўлиб, унга кўра умумий қиймати 1,2 млрд. доллар бўлган жами 80 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган.

Қарорда янги корхоналарни барпо этиш ва амалдагиларини модернизация қилиш, тайёр маҳсулот нархининг ва сарф-харажатларнинг камайишини таъминлайдиган замонавий энергияни тежовчи технологияларни тадбиқ этиш ҳисобига сифатли деворбоп материалларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш белгиланган.

Республика ҳудудларида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича Хитой, Россия, Корея, Туркия ва бошқа давлатларнинг фирма ва компаниялари билан қўшма корхоналар ташкил этиш борасида мазокаралар ўтказилмоқда.

Top