08:09 / 04.08.2017
98080

Мирзиёев: “Ўзбекистон халқ артисти” юксак унвонига эга актёрлар ҳам турли бачкана ролларни ижро этмоқда

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

2017 йилнинг 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда маданият, санъат, адабиёт ва ОАВдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда келгусидаги вазифалар кўриб чиқилди. Йиғилишда барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда қатор идора, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда давлат раҳбари бугунги фильм ва спекталлар сифатида ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. 

“Айни вақтда, маданият соҳасида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларимизни ҳақиқий санъатни англашга ўргатиш, уларнинг эстетик оламини соғлом асосда шакллантириш бўйича олдимизда жуда муҳим вазифалар турибди. Шу нуқтаи назардан, кино соҳаси фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, бу борада муайян ютуқлар билан бирга, жиддий нуқсон ва камчиликлар ҳам яққол кўзга ташланади. Баъзи фильмларда майда мақсадлар билан яшайдиган, ҳаётга фақат истеъмолчилик кайфияти билан қарайдиган кимсалар асосий қаҳрамон сифатида тасвирланаётгани ташвиш уйғотмасдан қўймайди. Энг ёмони, номдор санъаткорлар, ҳатто “Ўзбекистон халқ артисти” деган юксак унвонга сазовор бўлган актёрлар ҳам мана шундай киноларда турли бачкана ролларни ижро этмоқда. Аввал дурустгина фильмлар яратган режиссёрлар ҳам, сал ўтмасдан, хом-хатала асарлар билан томошабинларнинг ихлосини қайтармоқда”, - деган Мирзиёев.

Унинг таъкидлашича, яқинда “Тошкент ҳақиқати” газетасида шу мавзудаги бир мақолани ўқиган. Мақола муаллифи айрим киноларимизнинг хорижий фильмлардан айнан кўчириб олингани, яъни адабий ўғрилик – плагиатга йўл қўйилаётгани ҳақидаги фикрларни баён этиб, аниқ мисолларни келтирган. 

“Афсуски, бу миллий киноларимизга нисбатан билдирилаётган ягона танқидий фикр эмас. Бундай мақолаларни матбуотда кўплаб учратиш, бундай фикрларни жуда кўп одамлардан эшитиш мумкин. Ўзингиз айтинг, ижодкорнинг шаъни, ғурури, санъатга садоқат деган тушунчалар қаёқда қолди? Ваҳоланки, ҳозирги вақтда биз кино соҳасига давлат бюджетидан ҳар йили миллиардлаб сўм маблағ ажратяпмиз. Биргина шу йилнинг ўзида “Ўзбеккино” миллий агентлигига бюджетдан 12 миллиард 400 миллион сўм ажратилади. Ёки бўлмаса, республикамиздаги мавжуд 37 та театр фаолиятини таъминлаш учун ҳам ҳар йили катта миқдорда маблағлар йўналтирилади. Бу йилнинг ўзида ушбу мақсадда давлат бюджетидан 81 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Албатта, давлатимиз, жамиятимиз санъат ривожи учун ҳеч нарсани аямайди. Лекин бу борада кутилган натижага эришилаяптими? Бу саволга бугун ижобий жавоб бериш қийин эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши биламиз”, - деган Президент. 

Айтилишича, аксарият театрларимизнинг репертуарлари ғоявий-бадиий жиҳатдан ночор, улардан ўрин олган спектаклларда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган, ҳаяжонга солаётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топмаяпти. Театрларимиз кўпроқ маиший мавзулардаги енгил-елпи, бачкана асарлар, одамга на маънавий озиқ, на эстетик завқ берадиган томошаларни намойиш этишга ўрганиб қолгани айтилди. 

“Ҳурматли театр арбобларимиз ўзларининг матбуот ва телевидениедаги чиқишларида кўпинча маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Театр – ибратхонадир” деган ҳикматли сўзларини келтиришни яхши кўрадилар. Лекин мана шу доно сўзларни фақат оғизда айтмасдан, ўз фаолиятимизда уларга амал қилсак, айни муддао бўларди, деб ўйлайман. Мен гоҳ-гоҳида маданият соҳасига масъул бўлган раҳбарларимиздан “Қачон энди, бир яхши спектакль ёки кинофильм яратиб, бизни таклиф қиласизлар”, деб сўраб тураман. Афсуски, шунда улар хижолат тортиб, “Шавкат Миромонович, ҳали сизга кўрсатадиган муносиб асарлар яратолганимиз йўқ, бизга яна озгина фурсат беринг”, дейишади. Майли, мен тушунаман, бу ижодий жараён, лекин ҳар қандай муддатнинг ҳам чегараси бўлиши керак-ку. Ўзингиз айтинг, халқимизга манзур бўладиган фильм ва спектакллар қачон яратилади?”, - деган давлат раҳбари. 

Top