13:04 / 07.08.2017
7393

Қирғизистон президентлигига ўз номзодини қўйган мухолифат етакчилари бирлашмоқда

Қирғизистонда президентлик пойгасида иштирок этаётган мухолифат партияларининг тўрт етакчиси бирлашиш ва сайловларда ягона куч билан иштирок этиш ниятида эканликларини маълум қилишди. Бу ҳақда РИА «Новости» парламентдаги «Ўнуғу-Тараққиёт» партияси котибияти томонидан тарқатилган келишувга асосан хабар бермоқда.

«Биз, сиёсий партиялар раҳбарлари, ўз масъулиятимизни ҳис этиб ва мамлакатдаги ҳозирги сиёсий вазиятни эътиборга олиб, режалаштирилган президентлик сайловларидан аввал халқ бирлиги, сиёсий барқарорликни сақлаб қолиш ва ҳалол сайловларни ўтказиш бўйича ўз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш керак, деб ҳисоблаймиз», - дейилади «Бутун Қирғизистон» партияси етакчиси Адахон Мадумаров, «Ўнуғу-Тараққиёт» раҳбари Бакит Тўробаев, шунингдек, «Ота-Юрт Мекенчил» партиялари ҳамраислари Аҳмадбек Келдибеков ва Қамчибек Ташиев томонидан имзоланган баёнотда.

Қирғизистонда президентлик сайловлари 15 октябрга мўлжалланган бўлиб, унда иштирок этиш учун 59 номзод ариза топширди.

Top