10:22 / 17.08.2017
19030

Видеоинтервью: Қўқон шаҳри ҳокими маҳаллий долзарб муаммоларга ўз муносабатини билдирди

Фото: Kun.uz

Хабарингиз бор Кун.uz сайтининг ижодий жамоаси республикамизнинг турли ҳудудларида бўлиб, у ердаги ютуқлар билан бирга камчиликларни ҳам бориб ўрганмоқда, таҳлил қилмоқда. Шуни алоҳида айтиш жоизки, ушбу ижодий сафарларимизга бизни мунтазам кузатиб бораётган ва бугунги давр ислоҳотларига бефарқ бўлмаган одамлар мурожаати туртки бўлмоқда. Таҳририятнинг навбатдаги ана шундай сафари Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига бўлди.

Мазкур сафар давомида маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан бизга йўлланган мурожаатлар имкон қадар ўрганилди. Сафар асносида шаҳар ҳокими Раҳматали Жалилов билан барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар, камчиликлар ва келажакдаги режалар ҳақида суҳбат қурилди.

Қўқон шаҳридаги эркин иқтисодий ҳудуд ҳақида гапирар экан Р.Жалилов қуйидагиларга тўхталиб ўтди: “Бугунги кунда ушбу ЭИҲ (эркин иқтисодий ҳудуд) уч қисмга бўлинган. Икки қисми Учкўприк тумани ҳудудида жойлашган бўлса, бир қисми эса Қўқон шаҳрида барпо этилган. Бу ҳудудлар чет эл сармоядорларини жалб этиш мақсадида қамраб олинган. Бугунги кунда бу ерда фаолият юритмоқчи бўлган тадбиркорларга ер ажратиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун республикада тузилган махсус кенгаш рухсатини олиш талаб этилади. Рухсат олиш тартиби эса президентимиз ташаббуслари билан анчайин соддалаштирилган”.

Раҳматали Жалилов яна бир долазрб мавзу – ёшларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам тўхатлиб ўтди: “Қўқон шаҳри учун ҳақиқатан ҳам бу долзарб масала, чунки ҳудуд кичкина ва аҳоли кўп. Бундан ташқари, ўсиш тезлиги баланд. Қўқонликларнинг ўзига хос жиҳатлари шундан иборатки, улар уйда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланишади. Уларнинг мана шу фазилатидан келиб чиққан ҳолда уларнинг ўзларига иш ўринлари яратиш дастурини амалга оширганмиз. Бундан ташқари, мавжуд кичик корхоналарни ривожлантириш ва кенгайтириш асосида иш ўринлари яратишни режалаштирганмиз. Биз ишлаб чиққан уч йиллик дастурда 8 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Бу иш ўринлари саноат ва хизмат кўрсатиш эвазига амалга оширилади”.

Хабарингиз бор, Қўқон шаҳридаги газ таъминоти ва унда кузатилаётган муаммолар бўйича Кун.uz сайтида қатор мақолалар эълон қилинди. Айнан мана шу мавзуга тўхталиб ўтар экан, шаҳар ҳокими Раҳматали Жалилов шундай деди: “Кўтарилган масала ҳақиқатан ҳам жиддий. Яқинда газ билан боғлиқ ҳолат бўйича фожиали ҳолатда якун топган воқеа масаласи ҳам сайтингиз орқали эълон қилинган эди. Ўша хонадон соҳиби билан халқ қабулхонасида бўлиб суҳбатлашдим. Очиғини айтадиган бўлсам, газ таъминотидаги узилишлар ҳали ҳам йўқ эмас, бор. Бу ҳолатга изоҳ бериладиган бўлса, асл сабаби йиллар давомида газлаштиришда йўл қўйилган камчиликлардир. Масалан, Қўқон шаҳрида газ таъминоти халқа тарзида бериб борилган, яъни қувурлар ана шундай ўтказилган. Аммо бугунга келиб бу хато эканлиги мутахассислар томонидан айтилмоқда. Юқорида айтиб ўтганимиздек уч йиллик дастуримизда бу ишларни ижобий ҳал этиш режаси ҳам киритилган бўлиб, унга 93 млрд сўм маблағ йўналтирилган”.

Қўқон шаҳри ҳокими Раҳматали Жалилов билан бўлиб ўтган суҳбат давомида турли масалалар ҳақида ҳам гаплашилди. Мурожаатлар асосида фикр алмашилди.

Top