Ўзбекистон | 11:15 / 19.04.2024
6097
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Фарғона вилоятида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Фарғона вилоятининг Қува, Учкўприк, Тошлоқ ва Риштон туманларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қува туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс 2020 йилда туман ҳокимининг қарори асосида, ўзининг қариндошига «Ёшлар меҳнат гузари» бино-иншоотлари қуриш учун ижара ҳуқуқи асосида берилган 15 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Учкўприк туманида яшовчи шахс 2016 йилда ўзининг ўғли номига ташкил этилган боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликка туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан сабзавотчилик-боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ижара ҳуқуқи асосида қўшимча равишда ажратиб берилган 10 гектар ер майдонини харидорга 30 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тошлоқ туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс туман ҳокимининг 2017 йилдаги қарори билан ўз акасига иссиқхона ва боғдорчилик учун фойдаланишга берилган 30 сотих ер майдонидан 12 сотихини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 19,2 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.

Риштон туманида яшовчи шахс давлат захирасидаги 12 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидорга олиб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид