18:30 / 24.08.2017
32395

Америка орзуси билан 550 ватандошини чув туширган “ишбилармон” МХХ томонидан қўлга олинди

Шундай тоифали инсонлар борки, улар пул топишнинг минглаб усуллари турганда ватандошларини алдаш йўли билан пул ишлашга ҳаракат қилишади. Уларни ҳатто мамлакатда яқинда товламачилик учун жавобгарликнинг оширилганидек омил ҳам тўхтата олмайди, бундайларнинг тийин-тийинигача ўмарилган қурбонлар учун виждони ҳам қийналмайди.

Самарқанд вилояти, Нарпай туманида яшовчи Ойбек Наҳангов мана шундай "айғир"лардан биридир. У ўз одамлари (кўпинча ёлланган талабалар) орқали Самарқанд ва қўшни вилоятлардаги кишиларга АҚШда яшаш ва ишлашнинг яхши томонларини айтиб, уларни ўша ерга кетишга тарғиб қиларди. Бундан "сеҳрланган" тингловчиларга ўша ернинг ўзидаёқ "Америка орзуси" пойгасида бахтини синаб кўриш таклиф қилинарди. Хусусан, Наҳангов Штатларда уй-жой олиш имконини берувчи "Грин кард" лотереясида қатнашишни таклиф қилар эди.

Шу ерда товламачилик схемаси тузиларди: О.Наҳангов сайтдаги керакли ҳужжат шаклини тўлдириш учун тўлов оларди. Уни тасдиқлаш учун зарур бўлган кодни эса ўзида қолдириб, мижозга етказмас эди. У вақти-вақти билан мижозлардан қай бирига омад кулиб боққанини текшириб турарди. Лотерея ғолибларидан эса қўшимча пул маблағларини талаб қиларди.

Нахангов томонидан алданганлардан бири Жиззах вилоятидан У.Ш. исмли шахс бўлиб, у бу ерда қандайдир гап борлигини англаб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган. "Америка орзуси" билан савдо қилувчи "ишбилармон" жорий йилнинг май ойида "Грин-кард" ютиб олган У.Ш.дан 200 доллар ва 100 минг сўм олган. Ғолиблар ҳақидаги маълумотлар эълон қилингандан сўнг эса Ойбек Наҳангов Тошкентдаги АҚШ элчихонасидан керакли код олишни баҳона қилиб, яна 15 миллион сўм талаб қилган.

Самарқанд вилояти МХХ бошқармаси ходимлари ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда О.Наҳанговни 15 миллион сўм олаётган пайтда қўлга олишган.

Идорадаги тинтув давомида жиззахлик У.Ш. товламачининг ягона қурбони эмаслиги маълум бўлди. У ерда лотерея иштирокчилари билан тузилган 550 шартнома топилди. Компьютер техникаси комплекси, ноутбук, 46 паспорт нусхаси ва суратлар олиб қўйилди.

О.Наҳанговга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов ишлари олиб борилмоқда.

Top