15:33 / 25.08.2017
3740

БМТ: Йил бошидан буён Европага йўлга чиққан 2 мингдан ортиқ муҳожир тақдири номаълум

Фото: УВКБ

2,2 мингдан ортиқ муҳожир ва қочқинлар Ўрта ер денгизи орқали Европага боришга уриниш чоғида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Бу ҳақда БМТ Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси (ҚОКБ) маълум қилди. Женевада эълон қилинган ҳисобот "Умидсиз саёҳат" деб номланиб, Европага кўчиш муаммоларига бағишланган. 

ҚОКБ маълумотларига кўра, Ўрта ер денгизини кесиб ўтаётган ноқонуний муҳожирлар оқими кескин камайган. Биринчи ярим йилликда Европага 107 мингга яқин одам кириб келган. Бунда Туркиядан Греция орқали Европага келувчилар сони 94 фоизга пасайиши кузатилмоқда. Январь ойидан бери Греция қирғоқларига 9 минг муҳожир ва қочқин етиб келган. 2016 йилда бу рақам 150 мингдан ортиқ экани эътиборга олинса, бу йўналишдаги ўзгаришлар жиддийлигини англаш қийин эмас. Шу билан бирга, Шимолий Африкадан Италия соҳилларига етиб келган муҳожирлар сони ўзгаришсиз қолмоқда. Июнь ойи охирига келиб, ушбу денгиз йўлидан 84 мингга яқин киши фойдаланган.

Сўнгги ярим йилда "2253 киши денгизда ва камида 40 киши қуруқликда Европага ета олмай ҳалок бўлган". "Уларнинг кўпчилиги яширинча кўчишга урингани туфайли бу рақамларга ишониш қийин, аммо шу билан бир қаторда уларни энг кам деб ҳисоблаш мумкин", - дейилади ҳисоботда 

Ҳисоботда ёзилишича, Европага киришга уринадиган ноқонуний муҳожирларнинг аксарияти (12 фоизи) нигерияликлардир. Кейинги ўринларда Гвинея (10 фоиз), Кот-Д'Ивуар ва Бангладеш (9 фоиз) фуқароларидир. Бешликни 7 фоизлик кўрсаткич билан суриялик қочқинлар тугатади. 

Top