17:04 / 28.08.2017
8776

Ҳиндистонда секта етакчиси зўрлаш учун 10 йилга қамалди, суд туфайли юз берган тартибсизликларда 38 киши ҳалок бўлди

Фото: aninews.in

«Дера Саша Сауда» ҳинд сектаси етакчиси Рам Рахим Сингх икки тарафдорини зўрлаш бўйича айблов билан 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг ANI агентлиги хабар бермоқда.

«Дера Саша Сауда» ҳукм эълон қилинишидан аввал ўз тарафдорларига суд қарорини «тинч йўл билан қабул қилиш» ҳақида чақириқ билан чиққан.

Ҳукм секта етакчиси сақланаётган қамоқхона биносида чиқарилди. Судья у ерга вертолёт ёрдамида етказилди. Қамоқхона ёнида тартибни армия ва полиция сақлаб турган.

Ҳиндистон шимолидаги Харьяна штатида жойлашган Панчкула ва Сирса шаҳарларида суд жараёни оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарди. Секта тарафдорлари дўконларни талашиб, уйлар ва автомобилларга ўт қўйишди, полициячиларга ҳужум қилишган. Ҳукумат тартибни ўрнатиш учун армияни жалб қилишга мажбур бўлди. Тўқнашувларда 38 инсон ҳалок бўлди, тахминан 250 нафар инсон жабрланди.

Рахим устидан суд 2002 йилда икки аёлни зўрлаш ҳолати бўйича ўтказилди. Иш фақатгина орадан беш йил ўтиб очилди. Секта етакчиси айбсиз эканини иддао этмоқда.

Маълумот учун, Ҳиндистонда «Дера Саша Сауда»нинг ўнлаб миллион тарафдорлари бор.

Top