19:39 / 28.08.2017
6808

Туризм қўмитаси раиси Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби билан музокаралар ўтказди

Фото: uzbektourism.uz

27 август куни Самарқанд шаҳрида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаи Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов билан учрашди. Учрашув мобайнида туризм соҳаси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди, жаҳон мамлакатлари иқтисодиётида соҳанинг тутган ўрни, аҳоли бандлигини таъминлашда ва даромадларини оширишда сайёҳлик хизматлари аҳамияти ва турлари ҳақида томонлар конструктив фикр алмашдилар.

Талеб Рифаи Ўзбекистон ҳукумати, шахсан давлат раҳбарининг соҳага қаратаётган алоҳида эътиборидан мамнун экани ва бу эътибор ортидан мамлакат иқтисодиёти, инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги, яшаш шароитларини яхшилар, ота-боболардан қолган моддий ва маънавий меросни қадрлаш ва чет элларга танитиш, мамлакат номини улуғлаш каби кўплаб эзгу натижаларга эришиш ётганлигини сезиб турганлигини айтди.

Самимий давом этган мулоқот мобайнида А.Абдуҳакимов ўз навбатида Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда соҳада зарур мутахассисларни юртимизга жалб қилишда, тарғибот кампанияларини биргаликда ташкил этишга ҳамда жаҳоннинг туризм соҳасида етакчи мамлакатлари тажрибасини юртимиз шароитига тадбиқ қилиш, бунинг учун замонавий технологиялардан фойдаланиш каби кўплаб таклифлари билан ўртоқлашди.

Top