17:28 / 29.08.2017
9405

Инсон аъзоларини сотиш ўлимга олиб келса 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш таклиф этилаяпти

Фото: Catholicmoraltheology

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ва Жиноят кодексига тузатишлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқди. Қонун лойиҳалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинди, деб ёзмоқда Норма.уз.

Хусусан, “Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг соҳадаги ваколатини;   
амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар, тартиб ва чора-тадбирларни;
донорлар ва реципиентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солади.

Шу билан бир қаторда Жиноят кодексини иккита модда билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.

1-инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишга мажбур қилиш ёки ноқонуний ажратиб олиш. 

Ушбу жиноят учун санкция 3 дан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки худди шу муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан озодликдан маҳрум қилишдан иборат. Оғирлаштирувчи ҳолатлар 5 дан 8 йилгача, одам ўлими эса 8 дан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Маълумот учун: инсон аъзоларини ажратиб олишга мажбур қилиш ёки ноқонуний ажратиб олиш учун санкциялар Беларусь, Қозоғистон, Россия ва бошқа қатор хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида кўзда тутилган. 

2-инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларига нисбатан битим тузиш 3 дан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки худди шу муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади. Жиноят такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган тақдирда, айбдорлар 5 дан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда миллий қонунчилигимизда инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган (ЖК 133-моддаси).

Лойиҳалар ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.

Top