23:25 / 30.08.2017
80095

«Барчасига бўйига ўсиб, энига кенгайиб борган кўча индустрияси айбдор». Молия институти жавоб қайтарди

Фото: Тошкент молия институти

«Сайтда «Махсус гуруҳлар Тошкент молия институтида ҳам ишлагани гумон қилинмоқда» номли мақола эълон қилингандан сўнг, институт маъмурияти бошқа Олий таълим муассасига бўлгани каби, биз ҳам сайт ходимлари томонидан мурожаат қилинишини кутган эдик. Аммо, сайт томонидан мурожаат бўлмаганидан сўнг мазкур ҳолатга ўз муносабатимизни билдиришни лозим топдик», — деб бошланади Тошкент молия институтининг таҳририятимизга жўнатган хати.

Институтга жорий йилда ҳужжат топшираётган абитуриентларга барча маълумотларни ошкор қилиш, шаффофликни таъминлаш мақсадида 2017–2018 ўқув йили учун бакалавр ва магистратура бўйича қабул квоталари таълим йўналишлари ва мутахассисликлари кесимида «Халқ сўзи» газетасининг 2017 йил 15 июнь сонида эълон қилинди.

Аммо дастлабки ўн кун давомида абитуриентлар ҳужжат топшириши суст бўлгани боис, раҳбарият томонидан тарғибот ишларини кучайтириш сўралди. Сўнгра биз томондан таълим олувчиларнинг севимли газетаси бўлган «Маърифат» газетасининг 24 июнь сонида эълон берилди.

Эътироф этиш жоизки, шундан кейин ҳужжат топширувчилар сони кескин орта бошлади ва ўтган йилга нисбатан жорий йилда 1112 нафар абитуриент кўп ҳужжат топширди. Шунингдек, қабул тўғрисидаги маълумотлар бир вақтнинг ўзида ҳам институт сайтида, ҳам Давлат тест маркази сайтида даврий равишда эълон қилиб борилди. Кўриб турганингиздек, бу ерда ҳеч бир йўналиш ва унинг квотасини яшириш имконияти йўқ.

Абитуриентларга максимал қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир йўналиш ва улар кесимидаги факультет ҳаётини акс эттирувчи тарғибот стендлари қўйиш билан бирга, ҳар бир йўналиш бўйича кунлик топширилган ҳужжатларни акс эттирувчи эълонлар доскаси ҳам барча учун кўринарли жойда турди. Абитуриентлар мазкур маълумотлар билан танишиб, топширадиган йўналишини аниқлаб олгандан кейин ҳужжатларини топширишга муваффақ бўлишди.

«Тошкент молия институти қабул комиссиясида абитуриент хоҳлаган йўналишига ҳужжат топшира олмайди, топширган тақдирда ҳам бошқа йўналишга ўтиб қолади» мазмунидаги фикр ҳам асоссиздир. Биз бунга умуман йўл қўйганимиз йўқ. Чунки, қабул давомида абитуриент қайси йўналишга ҳужжат топширган бўлса, ўша йўналиш бўйича тест топшириб чиқди. Битта ҳолатда «Давлат бюджетининг ғазна ижроси» йўналишига топширдим, аммо ҳужжатларим «Молия» йўналишидан чиқиб қолди», мазмунида Президент порталига шикоят тушди. Аммо ушбу абитуриент чақиртирилиб, масалага ойдинлик киритилганда, ҳужжатлар ўзи топширган йўналишда эканлиги кўрсатиб берилганди. У «кўчада менга шундай деб айтишгани учун ёздим», деб жавоб берди. Кейин адашганлиги, тушунмовчилик асосида кўчадаги гапларга ишониб, шундай қилганлиги ва ТМИ қабул комиссиясига эътирози йўқлигини ёзма равишда маълум қилди

Мақолада муаллиф «Қабул жараёнида маълум бир йўналишларга сохта абитуриентлар ҳужжат топширади», деган фикр билдирган. Аммо, шуни таъкидлаш лозимки, бу жараёнларда олий таълим муассасаси айбдор қилинса-да, аслида Миллий Университет ректори профессор А.Мараҳимов ҳам таъкидлаб ўтганидек, кўча индустриясининг роли жуда катта эканлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Амалдаги ҳолатни айтадиган бўлсак, тест тизимида кўча индустрияси бу йил, ўтган йили ёки тўрт йил олдин пайдо бўлгани йўқ, албатта. Бу индустрия пайдо бўлиши 2000-йиллардан бошланган ва ҳар йили ўз такомилига эга бўлиб, бўйига ўсиб, энига кенгайиб борган тизимли муаммо бўлмоқда!

Жорий йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Давлат тест маркази, ОЎМТВ ва ҳар бир ОТМ бундай такомилга эга бўлган индустрияга қарши астойдил жиддий кураш олиб борди. Муайян натижаларга ҳам эришилди. Аммо, минг афсус, тўлиқ қамраб олинмади. Чунки бу индустрияда тизимлашган иштирокчилар ҳам кўп, кўлами ҳам кенг ва томири ҳам чуқур кетган. Қабул жараёнида номақбул йўл тутишга асос бўладиган бир қатор омиллар мавжуд бўлиб, шулардан асосийлари қуйидагилардан иборат. Хусусан:

- ёши катта (ҳаттоки 35–43 ёш орасида) фуқароларнинг ёппасига гуруҳ-гуруҳ бўлиб турли йўналишларга ҳужжат топшириши. Уларнинг мақсади ўзи ўқишга кириши эмас, балки қандайдир «миссия»ни бажаришга келаётганлиги шундоққина маълум. Чунки иқтисодиётни қайси соҳасига қизиқиши ва касбга йўналтириш бўйича суҳбатлашсангиз, сизни эшитишни ҳам хоҳламаслиги, ўзига буюртма берилган йўналишга тезроқ ҳужжат топшириб чиқишга шошаётганлиги кўриниб турди;

- ДТМ томонидан аниқланган маълумотга кўра, Тошкент молия институтини 2015; 2016 ва 2017 ўқув йилида тамомлаган (ҳаттоки ОТМларда ўқиётган талабалар ҳам бор) 37 киши республиканинг турли ОТМларига ҳужжат топширганлиги маълум бўлган. Шулардан 4-5 нафари битта ОТМнинг бир йўналишига ҳужжат топширган;

- Ўзлари ўзбек тилида таълим муассасини тугатган, аммо рус тилида гаплаша олмайдиган, ҳаттоки намуна аризани ҳам ёза олмайдиган абитуриентлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб рус гуруҳларига ҳужжат топшириши. Рус тилини билмаслигини айтиб, ўзбек гуруҳига ҳужжат топширишни таклиф этсангиз, рад этиб агар ҳужжатим ҳозир қабул қилинмаса, прокуратура ёки порталга мурожаат қилиши билан таҳдид қилади (амалдаги Низом бўйича хоҳлаган тилига ҳужжат топшириши мумкинлиги белгиланган).

Мана, таҳлил қилиб кўринг, бир йўналишда 15та квота мавжуд. 1 ўринга 4 абитуриент тўғри келганда ҳам, кўпи билан 60та ҳужжат тушади. Бу бор йўғи 1та (60та), нари борса 2та (30:30) гуруҳга бўлинади. Бу кўча индустрияси учун жуда қулай имконият. Чунки, гуруҳлар ҳам ёнма-ён тушади. Агар ушбу гуруҳларга 4-5 кўча тилидаги «паровоз» ёки «калла» тушса бўлди, масала ҳал бўлди-қўйди. Юқорида келтирилган айрим йўналишлардаги Давлат тест маркази саволномасидаги рақамлар кетма-кетлиги бўйича ўқишга кирган абитуриентлар ана шундай гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳужжат топшириш натижаси бўлиш эҳтимолидан холи эмас. Бу ҳолатга имкон қадар тест жараёнларида қарши курашилди, пировардида ўнлаб абитуриентлар бир-бирининг тестини ечаётганда, турли шпаргалка ва телефонлардан фойдаланаётганда қўлга тушиб, тегишли тартибда далолатнома тузилиб, тестдан четлаштирилди. Ваҳоланки, тестга кириш жараёнида ҳам мазкур абитуриентлар обдон текширувдан ўтганди.

1 август куни бинога киришда бир дарвозадан камида 1500 абитуриент ўтади. Таомилга биноан, қисқа муддатда тез текширувдан ўтказиш зарурати туфайли ҳар қандай Шерлок Ҳолмснинг ҳам узоғи билан 50 абитуриент паспорт ва юзига қараб қиёслагандан сўнг кўзи ўзига бўйсинмай бошлайди (!). Тажрибаси кўп бўлган, яхши маълумотга ва такомилга эга бўлган сохта абитуриентлар буни яхши билиб, кейинги ўринларда кела бошлайди. Охир-оқибат гуруҳлар ичига кириб кетиш имконияти осонлашади;

ДТМ муқаддам маҳаллий ОТМни битирган ва ҳозирда таҳсил олаётган талабалар реестр рўйхатини келтириб уларни қисман тўхтатиш имконига эга бўлмоқда, албатта. Аммо, Россияда ўқиётган ҳамюртлар, Тошкент шаҳридаги хорижий ОТМ филиалларида таҳсил олаётганлар талабалар таркиби ДТМ реестрида йўқ-ку?! Буларни эса аниқлаш амри маҳол. Аминмизки, айнан мана шулар ҳам амалдаги тест тизимидан самарали фойдаланиб, қабул жараёнига соя солмоқда.

Тошкент молия институти қабул комиссияси ҳам мазкур ҳолатларга қарши амалда курашди. Мақолада келтирилган «паровоз», «зайчик», «калла», «толкач» каби ёши катта абитуриентларларни бир гуруҳга жамлаш ва уларни қуролсизлантириш бўйича рўйхатини илова қилган ҳолда Давлат тест марказига расмий хат билан чиқди.

Тест жараёнларида турли нохолислик ҳолатлари мавжуд бўлганлиги сабабли бу масалалар жамоатчилик томонидан ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Аммо кўчада бўлаётган турли «ўйин»лар натижаси охир-оқибат олий таълим муассасаси гарданига тушмоқда. Чунки тест муайян олий таълим муассасасида бўлиб ўтади.

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, амалда тест тизими давр талабига бутунлай жавоб бермай қолди. Бунинг қинғир томонини ўзлаштирганлар кўлами шу қадар каттаки, унинг томирига болта уриш мушкул масала. Давр келди, энди тест жараёнини бутунлай бошқа шаклда ва вақтларда ўтказиш зарурати вужудга келганлигини эътироф этиб, қуйидаги таклифларни келтиришни бурчимиз, деб ҳисоблаймиз. Жумладан:

- Биринчидан, ҳужжатларни онлайн топширишни йўлга қўйиш. Шунда бошқа йўналишга топшириб, бошқа йўналишдан чиқиб қолибди каби саволларга ўрин қолмайди;

- Иккинчидан, тестни бир кунда эмас, маълум бир график асосида, жамоатчилик назорати остида катта павильонларда кузатув камералари орқали ёритилган ҳолда компьютерларда ўтказилишини йўлга қўйиш;

- Учинчидан, барча абитуриентларга танлаган йўналишига турдош бўлган йўналишларга ўтиш балини ҳисобга олган ҳолда, ўтиш баллидан юқори балл тўплаган абитуриентларга ўқишга кириш имкониятини яратиш.

Тошкент молия институти ҳам барча фуқароларимиз учун қабул жараёнини шаффоф, адолатли ўтказиш тарафдори, аммо бунинг учун барча бирдек ҳаракат қилиши, турли қинғирликларга барча бирдек курашиши зарур.      

Шахсан биз ҳам қабул жараёни бошланган дастлабки кунлардан бошлаб, маълум ва машҳур кўча индустриясига қарши бир қатор чораларни кўрдик, бироқ минг афсус натижа биз кутгандек, тўлиқ ижобий бўлмади.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, «KUN.UZ» сайти ходимлари ва журналистлари, шунингдек, барча ўқувчиларни кириб келаётган мустақиллик, Қурбон ҳайити ва янги ўқув йили билан қутлаб, ҳар бирингизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий тинч-тотувлик, маънавий баркамоллик ва албатта, ўсиб борувчи молиявий барқарорлик йўлдош ва ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Тошкент молия институти ректорати

Таҳририятдан: Аввало, ЎзМУ каби чиқишларимизни беэътибор қолдирмасдан, жавоб хати йўллаган ТМИ раҳбариятига ўқувчиларимиз ва ижодий жамоамиз ўз миннатдорчилигини билдиради. («Нархоз» жим тургани фонида бу катта эътибор, албатта).

Иккинчидан, олий ўқув юртларимиз абитуриентларнинг нопок йўллар билан ўқишга киришида аллақандай «кўча индустрияси», олий ўқув юртига алоқаси йўқ бўлган инсонларни  айблаб, ОУЮнинг бунда иштироки йўқлигини таъкидлаб келишмоқда.

Бундай нопок йўллар билан ўқишга киришнинг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилаётгани рўкач қилинаётган эса-да, «кўча индустрияси»ининг «бизнесини касод» қилишнинг бирдан-бир йўли — 1 август куни бўлиб ўтадиган умумиллий тест синовлари орқали ўқишга кирган абитуриентларнинг билими якуний қабулдан олдин олий ўқув юртида ҳам бирров синаб олиниши, абитуриентнинг билими талабга жавоб берилмаса, ўқишга қабул қилинмаслиги борасида муайян таклифлар билдирилмаяпти. Фақатгина мана шундай жўяли таклиф 1 августдаги нопок ишларга олий ўқув юртининг мутлақо алоқаси йўқлигини англатар эди.

«Махсус гуруҳлар» Тошкент молия институтида ҳам ишлагани гумон қилинмоқда

Top