Таҳсинабону Муфтоҳиддинова Фарғона шаҳрида туғилиб, мактаб ва коллежни шу ерда ўқиган. Кейин Тошкент молия институтига ўқишга кирган.

«Молия йўналишини танлашимга бобом сабабчи бўлганлар. У киши математик, инженер-конструктор. Бобом билан болалигимдан математика устида ишлардик. Шу сабаб, математикага қизиқишим ортиб, бу бўйича хорижда ўқимоқчи эдим, уйимдагилар эса буни унча хоҳлашмади», дейди қаҳрамонимиз.

Талаба-алмашинув дастури орқали Польшага кетиш

Молия институтига ўқишга қабул қилингандан кейин ҳам Таҳсинага чет элда ўқиш истаги тинчлик бермай, инглиз тилини яхшироқ ўргана бошлайди. Кейин аъло баҳоларда ўқиган талабалар хорижий ОТМларнинг алмашинув дастурларида қатнашиши мумкинлигидан хабар топади.

«Бунинг учун талаба ижтимоий ҳаётда ҳам фаол бўлиши талаб этиларди. Шу сабаб, биринчи курслигимда «The Young Leaders Development Project» – ёш лидерларни ривожлантиришга оид дастурда маросимлар менежери сифатида қабул қилинганман. 6 ой шу дастурда малакамни оширдим. Дастур давомида халқаро ёшлар саммити, республика миқёсида дебат, иншолар танлови, Тошкентда илк марта инновацион таълим симфозиумини ташкил қилганмиз», дейди суҳбатдошимиз волонтёрликка кириб келгани ҳақида.

Айнан волонтёрлик Таҳсинага биринчи курсда Erasmus+ дастури доирасида грант ютиш учун катта ёрдам берган. Шу тариқа қаҳрамонимиз иккинчи курснинг биринчи семестрини ўқиш учун Польшанинг Краков иқтисодиёт университетига йўл олади.

«Университетда мени энг кўп ҳайратлантирган нарса кутубхона эди. Уларда кечаси 22:00гача кутубхона очиқ бўлади. У ерда бемалол ўз йўналишингиз бўйича изланишлар олиб бориш, дарс тайёрлаш имконияти бор. Ҳар куни кутубхонага бориб дарс тайёрлашга ҳаракат қилардим, кутубхоначи ҳам мени таниб қолганди».

«Талабга жавоб берсангиз, алмашинув дастурида танлаб олинасиз»

Таҳсина Польшадан қайтгач, волонтёрлик дастурларида қатнашишни давом эттиради. Ўзбекистондаги Erasmus+ миллий офисида волонтёрлик дастурига қабул қилиниб, бу ерда Кореянинг SolBridge халқаро олий бизнес мактаби гранти ҳақида эшитади.

«Польшадан қайтиб келганимдан кейин, яна хорижга кетиш, кўпроқ нарса ўрганишни хоҳладим. Талабалар алмашинув дастурларини қидирдим. Ва SolBridge халқаро олий бизнес мактабига ҳужжат топшириб, муваффақиятли қабул қилиндим», дейди қаҳрамонимиз.