15:56 / 31.08.2017
16770

Самарқандда «Шарқ тароналари» XI мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорлари аниқланди

30 август куни Регистон майдонидаги амфитеатрда фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар, юртимиз маданият ва санъат намояндалари, жамоатчилик вакиллари иштирокида халқаро мусиқа анжуманининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивали матбуот маркази.

Дастлаб, фаол жамоалар қатор номинациялар бўйича тақдирланди. ЮНЕСКО, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дирекцияси, Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус мукофотлари топширилди.

Эрон, Индонезия ва Туркиядан келган жамоаларга учинчи даражали дипломлар топширилди.

Иккинчи ўринга Қирғизистон ва Литвадан келган санъаткорлар сазовор бўлди.

Жанубий Кореянинг Кеосонг халқ қўшиқларини сақлаш фонди жамоаси ҳамда мамлакатимиз вакили Моҳичеҳра Шомуродова биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Фото: sharqtaronalari.uz

«Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини — Гран-при Озарбойжон вакили Соҳиб Пошазодага топширилди.  

Фото: sharqtaronalari.uz

— Дунё эътирофидаги ушбу фестивалда иштирок этишнинг ўзи биз учун катта шараф бўлганини таъкидламоқчиман, — дейди Гран-при соҳиби, Озарбойжонда хизмат кўрсатган артист Соҳиб Пошазода — «Шарқ тароналари» бош совринини қўлга киритишим эса тарихий воқеа бўлди. Ҳозир қалбимда кечаётган ҳаяжон, фахр-ифтихорни сўз билан ифодалаш қийин. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фестивални ташкил этган Ўзбекистон раҳбариятига, бизга жуда катта ҳурмат кўрсатган санъатсевар ўзбек халқига миннатдорлик изҳор этаман.

Маросим сўнгида юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан концерт дастури ҳамда «Ўзбекистон маданий мероси — умумбашарий бойлик» деб номланган 3D проекция-мусиқали ёритиш томошаси намойиш этилди.

Top