23:25 / 07.09.2017
24917

Қирғизистон: Мирзиёев ташрифидан иқтисодий самарани 2018 йилнинг баҳорида кутиш керак

Фото: ЎзА

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев илк бор Қирғизистонда давлат ташрифи билан келди. Бундан ташқари, бу сўнгги 17 йил ичида Бишкекка қўшни давлат раҳбарининг илк ташрифи бўлди. Чегаралар бўйича келишувлар ва сиёсий мулоқот ўрнатиш масалаларидан ташқари, томонлар ҳамкорликнинг иқтисодий таркибий қисми ҳақида ҳам кўп гаплашишди, деб ёзади 24.kg.

Марказий Осиёни инфраструктуравий ривожлантириш бўйича эксперт, Евроосиё иқтисодий комиссияси энергетика ва инфраструктура вазири собиқ ўринбосари Кубат Раҳимовнинг ишонч билдиришича, Ўзбекистон президентининг ташрифидан кейинги реал хулосаларга 2018 йилнинг баҳорида келиш мумкин.

— Умуман, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифидан иқтисодий самара борми ўзи?

— Шак-шубҳасиз. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ икки қисмдан иборат. Ноқонуний — контрабанда, божхоначиларга пора бериш, «чумоли сўқмоқлари» бўйлаб ўтиш орқали ва расмий кўринишда. Бу жиҳатдан ҳозир Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар Қирғизистонга ҳам, умуман, бизнесга ҳам жуда фойдали. Ишда олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлади ва ўйиннинг қатъий қоидалари ишлаб чиқилади.

Мен яқинда ўзбек матолари харид қиладиган ателье эгаси билан гаплашиб қолдим, у матоларни фақат битта жойдан харид қилар экан ва у ерда тўловнинг жуда мураккаб схемаси амалда экан. Ҳаммаси шубҳали схемалар ва чегаралардаги «керакли» одамлар билан амалга оширилади. Лекин айрим одамлар пул ишлаб маҳсулот сотиши, бошқаларга бунинг учун рухсат йўқлиги тўғри эмас-да.

— Ташриф якунлари бўйича асосий ҳужжат — қирғиз-ўзбек чагараси ҳақидаги шартнома бўлди. Ундан бирор бир иқтисодий самара борми?

— Чегаранинг ҳар қандай демаркация ва делимитация қилиниши иқтисодий майдонга ёритилади. Чунки чегара автоматик равишда божхонага айланади ва камида чегараолди савдо-сотиғи ҳосил бўлишига олиб келади. Бу ЕОИИ учун ўта муҳим, чунки бу иттифоқ асосида ўзи умумий божхона ҳудуди турибди.

Қирғизистон ва Тожикистон, Боткен ва Сўғд вилояти чегарасини мисол келтираман. У ерда Хўжанддан Исфарага келишда кўчанинг бир томони Тожикистон, иккинчи томони Қирғизистон саналади. Формал жиҳатдан у ерда божхона пости бор, лекин у ичкарироқда. У ерда қандай қилиб контрабанда ва ноқонуний савдо бўлмаслиги мумкин? Ўзбекистон билан, эса, албатта вазият бошқача. Улар ўз ҳудудини ҳимоя қилишга интилиб келишади, лекин бу ҳам контрабанда йўқлигини билдирмайди.

Имзоланган шартномадан дарҳол самара кутиш ярамайди. Уни имзолаш бошқа, амалга ошириш бошқа. Бу ерда чегараолди инфраструктурасида жузъий харажатлар юзага келиши мукмин. Улар турли нарсалар бўлиши мумкин. Балким тиканли сим ва видеокузатув тизими. Нима бўлганда ҳам, шунчаки қўшимча божхона инфраструктураси назарда тутилмайди. Назорат-ўтказиш пунктлари бўлади. Уларни жиҳозлаш катта харажат талаб этади.

Бу ерда инсонларни кўчириш масаласи ҳам бор. Ахир чегара чизиғи кимнингдир томорқаси ёки уйига тўғри келиши мумкин. Давлат энг камида уйнинг баҳосини компенсация қилиши керак, максимум даражада кўчиб ўтишини ҳам молиялаштириши керак.

— Нега Ўзбекистон тўсатдан биз билан дўстлашишни истаб қолди? Шунча йил биз қўшниларимизга керак эмасдик, тасодифан бундай меҳр...

— Йўқ бу тасодиф эмас. Ўзбекистоннинг ёпиқ ривожланиш моделини қуришга уриниши айрим йилларда маънига эга бўлган. Масалан, 1990-йилларда — ҳукумат саноат ва ишлаб чиқаришни сақлаб қолишга уринганида. 2000-йилларда ҳам бундай сиёсат ўзини оқлаган, чунки ўз ишлаб чиқарувчилари учун шароит яратишни таъминлаб турган.

Албатта, бундай сиёсатнинг салбий тарафлари ҳам бўлган — бизнесни яхшилаш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва маҳсулотлар сифатини оширишга интилиш йўқ эди. Давлат корхоналари билан иш ундан ҳам баттароқ бўлган. Улар фойда кўришга йўналмаган.

Лекин плюслар ҳам бўлган. Бундай сиёсат Ўзбекистонга саноат ва қайта ишлашни сақлаб қолиш имконини берган. Ҳа, улар авиасозликни сақлаб қола олишмади, лекин миллий автомобилсозликни юксак чўққига кўтариб олишди. Ўн йилча олдин Ўзбекистон Қозоғистон билан Қирғизистон ҳудудида қўшма авто йиғиш корхоналари очади, деб ким ҳам ўйлабди дейсиз. Улар саноат салоҳиятини сақлаб қолишди, кўплаб темир йўллар қуришди, юқори тезликдаги поездларни ишга туширишди. Энди улар жаҳонга қучоқ очишга тайёр.

— Нега энди? Биринчи президент Ислом Каримовнинг ўлими курс ўзгариши учун сабаб бўлдими?

— Мутлақо. Мен ҳаммасини Ислом Каримов билан боғламоқчи эмасман. Ўзбекистон элитаси аллақачон, 2012–2013 йиллардаёқ очиқликка тайёр эди. Лекин уларни Россиядаги воқеалар бироз чўчитиб юборди. Рубль ва танга қулаганидан сўнг, юанни ҳам қалтироқ босди, шундан сўнг улар жараёнларни тезлаштирмасликка, яна бироз кутишга қарор қилишди. Мана энди Ўзбекистон жаҳонга юз очмоқда. Ахир улар нафақат биз, бошқа мамлакатлар билан ҳам фаол иш олиб боришмоқда.

Бир йил ичида Тошкент ва Остонанинг муносабатлари жуда илгарилаб кетди. Шунчаки, бу бизга сезилмаётганди. Мен ўз вақтида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчисидан сўраган эдим: «Ўзбекистон-Қозоғистон» локомотиви бизни четлаб ўтиб кетадими ёки биз ҳам трендда бўламизми», деб. Ўшанда у индамаган эди. Лекин ҳозир, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифидан маълум бўляптики, биз ҳам умумий жараён ичидамиз. Боз устига, ҳозир яхши қўшни, ёмон қўшни деб ажратиш йўқ. Биз шунчаки, бирга ишлашга тайёр яқин қўшнилармиз.

— Давлатларимиз қайси соҳаларда ҳамкорлик қилиши мумкин?

— Ўйлашимча, биз агросаноат комплексида, енгил саноатда алоқаларни ўрнатишимиз мумкин. Ўзбекистонда ўз вақтида Туркия ва Жанубий Корея билан қўшма корхоналар очилган эди. Уларнинг ҳам матолари ва трикотаж маҳсулотлари жуда яхши. Ўзбекистон ўз матолари билан Қирғизистонга кириб келиши сўнгра тайёр маҳсулот билан ЕОИИга чиқиши мумкин.

Бизнинг жанубий вилоятларимиз энергия таъминоти харитаси ҳақида ҳам ўйлаш мумкин. Биз Россиядан киритиладиган нефть маҳсулотларига жуда боғланганмиз. Бироқ ёнгинамизда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бор. Бу борада гапирадиган бўлсак, Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтадиган тўлиқ модернизация қилинган газ қувури участкаси ишга туширилгани ҳамоно Шавкат Мирзиёевнинг бизнинг юртимизга ташриф буюргани кишини қувонтирмасдан қолмайди.

— Темирйўл қурилиши нима бўлади? Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари бу мавзуни муҳокама этишганига шама қилишди.

— Мен Қирғизистонда ҳар қандай темирйўл қурилишига қарши эмасман. Ахир биз янги темирйўл тармоқлари қурилиши бўйича антирекордчилармиз. Мустақилликнинг 26 йили мобайнида биз бир километр ҳам темирйўл қурмаганмиз. Масалан қўшни Тожикистонда ҳам собиқ иттифоқ даврида ишга туширилган эски икки тармоқни бир бири билан боғлашди.

Ҳозир биз Қирғизистонда нега бу тизим ишламаётгани ва маҳаллий тармоқлар қурилмаётганини таҳлил этмоғимиз керак. Мен темирйўл қурилиши ҳақида баёнот берадиган амалдорларнинг сўзларига эҳтиёткор муносабатда бўламан.

— Йўллар қурилиши учун нималар керак?

— Биринчи навбатда машҳур мақолда айтилганидек, кўрпага қараб оёқ узатиш керак. Бизда қуришга нарсани ўзи йўқ. Биз миллиардлаб долларлик давлат кафолатлари тақдим эта олмаймиз. Шу сабабли, биз темирйўлларни қуришимиз керак, лекин келажак авлоднинг ҳақи ҳисобига эмас.

Давлат-хусусий ҳамкорлиги дейилса, бунда давлат ер ажратади, инвестор эса маблағини тикади. Кейин томонлар фойдани бўлишишади. Бироқ бу ерда муҳим қўшимча бор. Қурилиш олиб бораётган инвестор фақат ойлик маош фонди ва ижтимоий фондга тўлов қилиши керак. Бошқа солиқлардан уни узоқ муддатга озод қилишга тўғри келади.

Хусусий инвестициялар ҳақида гапирилса, биз йўлак тақдим этамиз, инвестор ерни сотиб олади, ҳамма солиқларини тўлайди, биз учун манфаатли шароитларда ишлайди, лекин бу унинг хусусий мулки бўлади. Бундай лойиҳаларнинг ўзини ўзи қоплаш муддати 30–40 йил бўлади. Агар шундай шартларга кўнадиган инвестор топилса — бу ҳам яхши. Лекин Давлат-хусусий ҳамкорлиги лойиҳаси реалроқ кўринмоқда.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашуви оқибатида иқтисодий натижаларни қачон кутиш керак?

— Аввалига Ўзбекистоннинг ўзида ҳаммаси бир меъёрга келиб олишини, валюта курси барқарорлашувини кутиш керак. Ўз-ўзидан ўзбек маҳсулотларининг экспорти орта бошлайди. Нафақат Қирғизистонга, бошқа давлатларга ҳам. Қирғизистон билан келишувларга тўхталсам, жўжани кузда санаганимиз маъқул. Ҳозирча ҳаракатлар бошланганининг ўзи катта гап.

Бизнесменлар 115 миллион долларлик қўшма лойиҳалар ҳақида келишиб олишгани ҳақида гапирилди. Ҳаммаси амалга ошади, дея умид қиламиз. Агар шу лойиҳаларнинг ҳечқурса ярми ҳаётга татбиқ этилса ҳам яхши натижа бўлади. Икки мамлакат учун ҳам, минтақа ва интеграцион бирлашмалар миқёсида ҳам.

Top