15:03 / 09.09.2017
22597

Хурсандчилик қилди ва унутди

Бир неча ҳафта олдин бир нечта интернет нашрларда 2010 йилда тугатилган «Алп Жамол Банк» ҳақидаги материал кенг аудиторияга кредит ташкилотининг кўплаб алданган омонатчилари мусибатлари ҳақида эслатди. 

Ушбу етти йиллик воқеада ҳақиқатдан ҳам, биринчи навбатда, «Алп Жамол»нинг собиқ раҳбарияти томонидан ўз мижозлари олдидаги мажбуриятларини мутлақо эътибордан четда қолдириш билан боғлиқ баъзи очиқ саволлар мавжуд. 

Эслатиб ўтамиз, лицензияни бекор қилиш ва банк фаолиятини тўхтатиш, банк ва солиққа оид катта миқдордаги фирибгарликларга алоқадор, шунингдек, молия муассасаси ишини банкротликдан аввалги ҳолатга келтириб қўйган унинг эгалари жиноий фаолиятини тергов қилиш натижаларидан сўнг дарҳол рўй берди. 

Жиноят ишининг жамоатчиликка ошкор қилинган тафсилотларидан маълумки, «Алп Жамол» бошлиғи Муҳиддин Асомиддинов «қора» валюта операцияларини ўтказиб, назорат қилинган фирмалар фойдасига кредитларни ноқонуний расмийлаштириш, омонатчиларнинг маблағларини ўзлаштириш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаш орқали улкан даромадлар олган. 

Жиноий йўл билан олинган капитални ювиш учун «Алп Жамол» эгаси кўплаб кўчмас мулк объектларини қуришни молиялаштирди. Улардан энг машҳурлари «Версаль» ва «Саёҳат» ресторанлари бўлган. 

Ҳаттоки «оффшорларда» рўйхатдан ўтган ўз компаниялари ҳисобларига катта миқдордаги валютани ўтказишга муваффақ бўлган (улардан бирининг сохта раҳбари Асомиддиновнинг ҳайдовчиси – Алимов Х. бўлган).

Ушбу ҳийла-найранглар оммага ошкор бўлгандан кейин, мижозларнинг аксарияти Асомиддиновни алдовда айблашни бошлашиб, ўзларининг маблағлари виллалар, ҳашаматли уйлар ва нуфузли автомобилларни сотиб олиб учун сарфланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди. Тергов натижалари кўрсатдики, бу тахминлар ҳақиқатга жуда яқин бўлган.

2011 йилги суд қарорига кўра, «Алп Жамол»нинг қарийб 10 нафар ходими судланди, тахминан 120 млрд сўмлик пул маблағлари ва бошқа активлар етказилган зарарни қоплаш тарзида давлат даромадига ўтказилди. 

Бироқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан хабар беришганидек, Асомиддиновнинг ўзи кредит муассасалари фаолиятини текшируви бошидаёқ қўшни Қозоғистонда яширинган.

Расмий манбалардан олинган маълумотга кўра, жиноий ишни тергов қилиш ва «Алп Жамол» мулкини мусодара қилиш ҳолларига қарамай, жисмоний шахслар қаторидаги аксарият омонатчилар ўз маблағларини талаб қилиб олишга муваффақ бўлдилар, уларнинг жами миқдори тахминан 28 миллиард сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, қарийб шу суммадаги 40 тижорий тузилманинг маблағлари мусодара қилинди, сабаби терговчилар бу «сохта» фирмалар Асомиддиновга алоқадорлиги ҳақидаги далилларни судга тақдим этишган, улар турли жиноий схемаларда қўлланилган.

Таъкидлаш жоизки, «Алп Жамол»нинг собиқ эгаси ҳозирги кунгача Қозоғистонда ва маҳаллий тадбиркорлар хабарларига кўра, қочишдан сўнг дастлабки йилларда алоҳида молиявий эҳтиёжларга эга бўлмаган. Аммо аввалги молиявий оқимлар йўқлиги унга «аввалгидек яшаш» имкониятини бермаяпти.

Эҳтимол, шунинг учун бугунги кунда Ўзбекистондаги иқтисодиётни либераллаштириш жараёнлари ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг динамик тўлқинлари ҳолатида, кўп йиллардан сўнг активларни қайта талаб қилиб олиш масаласи яна кўтарила бошлангандир?   

Биз суҳбатлашиш имконига эга бўлган тадбиркорлар, уларга Муҳиддиннинг вакиллари муайян «пуллар» эвазига жамиятда керакли кайфиятни шакллантириб, омонатларни қайтариш бўйича кампанияни бошлаш учун қатъий таклиф билан мурожаат қилишганини тан олишди.

Юқоридагиларга хулоса қилиб, «Алп Жамол» банкининг бир вақтлар маблағларини «Худодан банкир» Асомиддиновга ишониб топширган ва кейинчалик тешик тоғора ёнида қолган собиқ мижозларига ҳамдард бўлиб қоламиз, холос.

Равшан Жамилов. 

Манба: yvision.kz

Top