12:40 / 14.09.2017
13416

Марк Цукерберг тавсиялари: Илм-фан ҳақидаги 6 китоб

Фото: Business Insider

Facebook раҳбари 2015 йилни адабиёт йили сифатида қайд этди. Марк Цукерберг 365 кун мобайнида медиапарҳезга риоя қилди ва ойига камида икки китобдан мутолаа қилишга ҳаракат қилди. Агар илмий адабиётни яхши кўрсангиз, қуйидаги китобларга эътиборингизни қаратишингиз мумкин:

 

1. «Sapiens. Инсониятнинг қисқа тарихи», Юваль Ной Харари

Фото: Лайфхакер

"Юз минг йил илгари Ерда одамларнинг олти тури бўлган. Юваль Ной Харарининг китоби қандай қилиб Homo sapiens'нинг омон қолгани ва ҳозирги ривожланиш босқичига етиб келгани ҳақида сўз юритади.

"Sapiens'да менга инсон ҳаётида дин эволюцияси ҳақидаги боб ёқади. Бу мен чуқурлашишни истаган мавзу", - деб ёзади Цукерберг A Year of Books саҳифасида.

 

2. «On Immunity», Эула Бисс

Фото: Лайфхакер

Европа ва АҚШда эмлашга қарши ижтимоий ҳаракатнинг машҳурлиги Эулу Биссни эмлашнинг ҳақиқий фойдасини ўрганишга ундади. У тадқиқотлар натижаларини 2014 йилда «On Immunity» китобида баён қилди. Бу китобни Цукербергга олимлар ва соғлиқни сақлаш соҳасида ишловчи дўстлари тавсия қилишган.

«On Immunity» эмлашга қарши кишилар билан далилларга асосланиб баҳсга киришади ва бу жараённинг нақадар муҳимлиги, уларнинг қандай қилиб одамларни юқумли касалликлардан ҳимоялаши ва мустаҳкам саломатлик асоси экани ҳақида сўз юритади.

 

3. «Ўйинчи», Иэн Бэнкс

Фото: Лайфхакер

Иэн Бэнкс томонидан 1988 йилда ёзилган «Ўйинчи» - илмий-фантастик роман. Бу асар инсоният Коинотни забт этган ва суперинтеллектуал роботлар туфайли эртакнамо бойликни қўлга киритган  тақдирда нималар рўй бериши мумкинлиги ҳақида сўзлайди.

 

Цукерберг илмий фантастика мухлиси эмас. Унинг сўзларига кўра, «Ўйинчи» шароитларни ўзгартириш ва собиқ одатлардан воз кечиш мақсадида ўқиш учун танланган. Facebook раҳбарининг бу тавсиясига Tesla ва SpaceX CEO'си  Илон Маск ҳам қўшилиб қолади.

 

4. «Илмий инқилоблар тузилмаси», Томас Кун

Фото: Лайфхакер

Биринчи марта 1962 йилда чоп этилган «Илмий инқилоблар тузилмаси» илмий-техник тараққиётнинг жамоатчилик ҳаётига таъсир кўрсатиши ғоясини илгари суради. Шунингдек Томас Кун илмий билим илмий инқилоблар орқали ривожланади, деб ҳисоблайди. Бу китоб — илм-фан, жамият ва уларнинг ўзаро таъсири ҳақида.

"Ўйлашимча, илм-фан — бу дунёда яхшилик учун курашувчи куч. Илм-фанга сармоя киритиш ва илмий тадқиқотлар асосидаги хатти-ҳаракатлар барчамизга фойда келтиради", - дея фикр билдирган Цукерберг.

 

5. «Геном», Мэтт Ридли

Фото: Лайфхакер

Мэтт Ридлининг «Геном» китоби энг янги тарихдаги энг муҳим кашфиётлардан бири - инсон геномини хариталаш ҳақида сўзлайди. Қайси генлар муайян касалликларни ва уларга мойилликни келтириб чиқаришини аниқлай олиш хусусияти олимларнинг инсон организмини тадқиқ қилиши ва шифкорларнинг даволаш тизимини тубдан ўзгартирди.

"Бу китоб инсоният тарихини социология эмас, генетика нуқтаи назаридан ҳикоя қилади", - деб ёзади Цукерберг.

 

6. «Поёнсизликнинг бошланиши», Дэвид Дойч

Фото: Лайфхакер

2015 йилда Марк Цукерберг томонидан ўқиб чиқилган охирги китоб. Британиялик назарий физик Дэвид Дойчнинг ишонч билан таъкидлашича, дунё нафақат сирларга, балки фатх қилинишини кутиб ётган жавобларга ҳам тўла. Муаллиф ўз китобида илмий услуб деярли барча ҳақиқатни фош қилиши мумкинлиги ҳақида сўз юритади. Ундан нафақт илм-фанда, балки сиёсатда ҳам фойдаланиш мумкин.

Top