Жаҳон | 15:08 / 12.04.2024
2288
2 дақиқада ўқилади

Навалнийнинг ҳаёти ҳақидаги китоб октябр ойида нашр этилади

Навалнийнинг ҳаёти ҳақидаги китоби 22 октябр куни «Ватанпарвар» номи билан нашр этилади.

Фото: AFP

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний ўлимидан бир неча йил аввал Қутб доираси ортидаги колониядаги ҳаёти ҳақида китоб ёзишни бошлаган. Сиёсатчи беваси Юлия Навалная 11 апрел, пайшанба куни хабар беришича, мухолифатчининг ўзи ёзган асар октябр ойида бир неча тилларга таржима қилинган ҳолда нашр этилади.

Унинг сўзларига кўра, Навалний ўз ҳаёти ҳақида китоб ёзишни 2020 йилда «Новичок» моддаси билан заҳарланганидан сўнг бошлаган. «2020 йилда заҳарланишга уринишдан кейин ҳамма: «Алексей, сен китоб ёзишинг керак», деди. Лекин у буни рад этди. 44 ёшда қандай қилиб таржимайи ҳол ёзиш мумкин? У ҳаётининг ярмидан бироз кўпроғини яшади. У унчалик шошмади - ахир, олдинда ҳали кўп нарса бор эди. Энди эса ҳаммаси тугади. Даҳшатли ва жуда, жуда адолатсиз. Шунга қарамай, Алексей китоб ёзишни бошлади ва кутилмаганда тезда бунга киришиб кетди», деб ёзди Навалная Х ижтимоий тармоғида. Унинг қўшимча қилишича, Навалний, хусусан, ўз ҳаётидаги воқеаларни мамлакатда содир бўлаётган ҳодисалар билан боғлаб эслашни яхши кўрган ҳамда болалигини тасвирлашдан завқланган.

«Ватанпарвар» деб номланган китоб Американинг Knopf нашриёти томонидан 22 октябр куни 500 000 нусхада илк тиражи билан чоп этилади, деб ёзади The New York Times.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид