13:06 / 05.10.2017
10006

Давлат ва истеъмолчилар манфаатларига катта зарар етказган электр идораси раҳбари жазога тортилди

СВОЖЖДЛҚК департаментининг Шаҳрисабз тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида туман электр тармоқлари корхонасида қонун талаблари қандай бажарилаётганлиги ўрганилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Маълум бўлишича, корхона мансабдор шахслари Б.Аллаёров ва бошқалар ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатида жами 1 миллиард 859 миллион 664,8 минг сўм миқдоридаги дебиторлик қарздан 1 миллиард 730 миллион 397,8 минг сўмининг тўлов муддати ўтказиб юборилишига йўл қўйишган экан.

Бундан ташқари, 2015 йилда дебитор қарздорлиги бўлишига қарамасдан, мавжуд тартибга кўра тармоқдан ажратилиши кўзда тутилган 15 та юридик шахсга 37 миллион 843,9 минг сўмлик электр энергияси ноқонуний етказиб берилган. Шу даврда юридик ва жисмоний шахсларга электр энергияси етказиб беришда жуда катта миқдорда нореал (тасдиқланмаган) қарздорликка йўл қўйилган. Бундай ҳаракатлар ўз-ўзидан истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши табиий.

Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг туман бўлими томонидан корхона раҳбари Б.Аллаёровга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди. 

Top