11:20 / 26.10.2017
17863

Интервью: Денисов терма жамоанинг муваффақиятсизлиги ва ўзининг клубдаги ҳолати ҳақида

Москванинг «Локомотив» ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов «Советский спорт» нашрига берган интервьюсида бугунги аҳволи ва Ўзбекистон терма жамоасига ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритиш учун нималар ҳалал бергани ҳақида гапирди.

– Сўнгги пайтларда «Локомотив»нинг асосий таркибига киролмаяпсиз, сабаби нима?
– Ҳаммаси оддий. Менинг ўрнимда ёш ва кучлироқ бўлган футболчилар майдонга тушмоқда. Бу борада бош мураббий Юрий Сёмин билан гаплашиб олдим ва у кўпроқ меҳнат қилишим шартлигини айтди. Асосий таркибга қайтишнинг бошқа йўлини кўрмаяпман.

– «Локо»нинг айни пайтдаги пешқадамлиги вақтинча экани ва «Зенит»га қарши ўйиндан сўнг, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетиши айтилмоқда. Сизнинг фикрингиз?
– Қўшилмайман. Ҳали олдимизда иккинчи давра ҳам бор. «Зенит»га қарши биргина ўйин ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Питерликлар биз учун жиддий рақиб саналади, бироқ бу олтин ўйин эмас, унинг аҳамиятини ошириб юбормаслик лозим.

– Европа Лигаси ўйинлари ҳақида қандай фикрга эгасиз?
– Аввалига ҳафта ўртасида ўйнаш жуда оғир бўлди. Бироқ, бунга тезда кўникиб кетдик. Бизда шифокорлар, массажчиларнинг ажойиб жамоаси бор ва тикланиб олиш жараёни жуда тез кечмоқда.
Тиғиз тақвимдан зорлансак, ношукрлик бўлади. Аксинча, ўйинларнинг кўплиги биз учун фойдалидир. Жамоанинг жисмоний ҳолати ҳам маромида ушлаб турилади.

– «Локомотив»нинг аҳиллиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Жамоа майдондан ташқаридаги вақтини қандай ўтказади?
– Агар қандайдир қувончли воқеа юз берса, масалан, кимнидир фарзанди туғилса, ҳаммамиз йиғилиб, уни табриклаймиз, ресторанда базм уюштирамиз. Оддий одамлардек яшаяпмиз, ғайриоддий нарсаларни қилмаяпмиз.

– Бўш вақтларингизда FIFA ўйини бўйича чемпионат ўтказишингиз ростми?
– Ҳа, йигитларнинг кўпчилиги футбол симуляторларини ўйнаб туради. Аммо мен бошқасини, PES симуляторини ўйнайман. Бироқ, сўнгги пайтларда FIFA ўйинига ўтишим кераклиги ҳақида ўйлаб қолдим. Жамоамизда Дима Тарасов бу ўйинларнинг пихини ёрган, менимча у киберспорт бўйича чемпионатларда бемалол иштирок этиши мумкин.

– Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашида яхшигина очко жамғарди, бироқ финал босқичига чиқолмади. Бундан хафамисиз?
– Бу мен учун катта фожиа. Биз баъзи ўйинларни зўр ўтказиб, яхши имкониятларга эга бўлгандик. Гуруҳ ҳам кучимизга мос эди. Умуман олганда, бу ҳақда гапириш менга оғир.

– Сизга Россия фуқаролигини таклиф қилишганми?
– Ҳеч нарса ҳақида афсусланмайман. Ўзбекистон менинг ватаним ва ўз туғилиб ўсган жойим шарафини ҳимоя қиляпман. 
Агар Россия фуқаролигига эга бўлсам, мен учун яхшироқ бўларди деб ҳеч ким айтолмайди, бу салбий ҳолатларга олиб келиши, лимит борасида эса бироз енгил бўлиши мумкин эди. Бироқ, паспорт баҳона бўлолмайди, рақобатчилардан кучли эканингни ҳар доим исботлашинг керак.

Top