11:30 / 03.11.2017
26061

Таълим вазирлигига савол. Танлов бўйича комиссия баённомаси нега шошилинч тарзда ўзгартирилди?

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти етук мутахассис, педагог ўқитувчилари билан машҳур. Техника олий ўқув юрти шу каби билимгоҳлар ўртасида айнан профессор-ўқитувчилар таркиби билан ажралиб туради.

Олийгоҳда 45 йилдан буён «Грунтлар механикаси, асос ва пойдеворлар» фанидан дарс бериб келаётган ана шундай фидойи ўқитувчилардан бири — доцент Файзулло Икромовни нафақат республикамизда, ўз вақтида қўшни давлатлардан ҳам олийгоҳга келиб таълим олган кўпчилик мутахассислар яхши танийди. Пенсия ёшида бўлишига қарамасдан, ўз касби устаси бўлган доцент ҳамон ўзбек ва рус тилларида ўқийдиган гуруҳларга баб-баравар сабоқ бериб келмоқда. Домла институт миқёсида ўтказилган «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги–2017» танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Ф.Икромовни институт ҳовлисида учратиб қолганимда ўзини қийнаётган бир чигал масала ҳақида гапириб қолди. Келинг, буёғини домланинг тилидан баён этсак.

Домла «олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг баъзи бир раҳбар ходимлари томонидан рўй-рост «қўлингдан келганини қил, ҳар қанақасига бизнинг айтганимиз бўлади», қабилида кўп йилиик педагогнинг қадр-қимматини ерга уриб, ҳужжатларни сохталаштириб, ғайриқонуний қабул қилган қарори»дан жуда дилгир эди.

«Мен олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиб келинаётган «Энг яхши ўқитувчи» республика танловининг «мутахассислик бўйича энг яхши педагог» номинациясида иштирок этдим, — деб гап бошлади доцент Ф.Икромов. — Комиссия аъзолари ТАҚИнинг ўқув ишлар бўйича проректори А.Мирисаев, вазирлик қошидаги бош илмий методик марказ ходими И.Эшмаматов, СамДАҚИнинг ўқув ишлари бўйича проректори А.Раҳимов ва бошқалар олдида ўз педагогик концепциям бўйича рус тилида чиқиш қилдим.

Комиссия аъзолари томонидан берилган саволларга тўлиқ жавоб бердим, ишлаб чиққан концепцияга комиссия томонидан бирор эътироз бўлгани йўқ. Фақат комиссия аъзоларидан бири «агар презентациянгизни проектор орқали намойиш этиб кўрсатганингизда янада яхшироқ бўларди», деди.

Мен эса видеопроектор орқали слайдлар ёрдамида маъруза қиладиган ўқитувчининг билим савияси, педагогик маҳорати юқори бўлишига шубҳа қиламан, деб жавоб бердим. Яъни, яхши билим савиясига эга бўлмаган ўқитувчи видеослайдлар орқали маъруза матнини ўқиб бериши, талабаларга кўчиртириши, тайёр чизмалар ва олдиндан тайёрлаб қўйилган формулаларни кўрсатиши билан чекланишини айтдим.

Қурилиш конструкциялари, грунтлар механикаси, асос ва пойдеворлар сингари махсус фанларни ўқитишда чизмаларни кетма-кет бажариш, формулаларнинг келтирилиб чиқарилиши талабаларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириши ва фанни эслаб қолиш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидладим. Қолаверса, фидойи, ўз касбини севувчи ўқитувчи бўр ва латтанинг ҳидини ҳам эсдан чиқармаслиги керак, дедим.

Қайд этиб ўтишим керак, педагогик концепция рус тилида баён этилган бўлса-да, барча қўшимча саволларга ўзбек тилида жавоб бердим ва жаримага лойиқ кўрилмаслик учун ўзимга ажратилган вақтда барчасига улгурдим.

СамДАҚИ ўқув ишлари проректори «фикрлар бўйича биринчи ўриндасиз», деди, лекин иккита биринчи ўрин берилиши тўғрисида таклиф киритилгани ва раҳбарият томонидан маъқуллангани учун баённома 2та биринчи ўрин бериш борасида расмийлаштирилганини айтди. Бу борада бирор эътироз билдирмадим ва кўтаринки руҳ билан Самарқандга қайтдим.

Танлов якунлари бўйича вазирнинг буйруғи билан танишганимда эса ҳаммаси алғов-далғов бўлиб кетди. Биринчи ўрин ТАҚИ ўқитувчиси Зафар Сатторовга берилибди. (У олий ва ўрта таълим вазирлигининг касб-ҳунар коллежлари масалалари бўйича вазирнинг собиқ муовини бўлиб ишлаган).

Комиссия баённомасининг шошилинч тарзда ўзгартирилишига сабаб нима бўлди экан?

Суриштиришимча, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Дилмурод Набиев комиссия аъзоларининг фақат бир қисми (ТАҚИ проректори А.Мирисаев) билан баённомаларни қайта кўриб чиқиб, З.Сатторовни биринчи ўринга ўтказиб қўйишни буюрган. Бунда З.Сатторовнинг грантларда иштирок этаётганини асосий важ қилиб кўрсатишган.

Хўп, ТАҚИ проректори А.Мирисаев «Мутахассислик бўйича энг яхши педагог» ва «Энг яхши педагог-тадқиқотчи»нинг фарқига бормас экан, вазирнинг муовини Д.Набиев ҳам фарқлай олмайдими? Грантларда иштирок этувчи педагог «Энг яхши педагог-тадқиқотчи» номинациясида кўриб чиқилиши танлов низомида белгилаб қўйилган-ку? Буни қандай тушуниш мумкин, ҳурматли ҳамкасблар?

Мутахассислиги энергетик бўлган архитектура-қурилиш институти проректори қурилишга оид (боз устига, рус тилида янграган) термин ва ибораларни, «грунтлар механикаси, асос ва пойдеворлар» фани тўғрисида умуман тушунчага эга эмаслигини кўрсатиб қўймадимикан?» — дейди тажрибали педагог.

«Мен ўз билимимга, педагогик маҳоратимга ишонганим учун ҳам исталган пайтда, ҳар қандай олий ўқув юртида, рус ва ўзбек тилларидан қайси бири бўлишидан қатъи назар, маъруза қилишга тайёрман. Фақатгина очиқ баҳслар бу борада ҳақиқатни рўёбга чиқариши керак, деб ҳисоблайман», — деди қатъият билан Ф.Икромов.

Дарвоқе, айтиш ёддан кўтарилибди, юқоридагиларни ўқиб, «домла иккинчи ўринга тушириб юборилибди, шундан норози экан-да», деб ўйлаётгандирсиз? Ҳамма гап шундаки, у кишига умуман ўрин берилмаган!

Таълим вазирликларимиз томонидан ўтказиладиган танловларда мудом адолатсизликка йўл қўйилаётгани ҳақида тез-тез эшитиб қоламиз. Ҳеч қурса, олий таълим тизимидаги олиму мутасаддиларимиз адолат-у ҳалолликда барчага ўрнак бўлишса эди.

 

Шуҳрат Шокиржонов ёзиб олди

Top