10:20 / 08.11.2017
7230

Нуфузли мусобақалар ғолиблари бўлган ўқувчиларни тақдирлаш тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритилди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.

Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1.  1-бандда '‘спортнинг олимпия турлари” сўзларидан кейин “'Кураш” миллий спорт тури” сўзлари қўшилди;
2.  2 ва 3-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
“2. Республика (1-ўрин) ва халқаро танловлар ва мусобақаларнинг (Олимпия ўйинларида, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3-ўринлар) индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар.
3.  Республика (1-ўрин) ва халқаро танловлар ва мусобақаларнинг (Олимпия ўйинларида, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3-ўринлар) жамоа турлари ғолиблари ўз командалари таркибидан - академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчиларидан олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилиш учун уч номзодни белгилайдилар”.

Top