Ўзбекистон | 13:10 / 07.02.2024
12021
2 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Содиқов бош вазир котибияти раҳбари этиб тайинланди

2018-2021 йилларда АКТ вазири бўлган, охирги бир йилда бош вазир котибиятининг раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Содиқов ушбу котибиятнинг раҳбари этиб тайинланди. Бу мансабни эгаллаб келган Абдурашид Жўрабоев ўтган ҳафта МТРК раиси лавозимига ўтказилганди.

Фото: Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати

Президент фармонига асосан, Содиқов Шуҳрат Муҳаммаджонович бош вазир котибияти раҳбари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ҳукумат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Шуҳрат Содиқов бунга қадар бош вазир котибияти раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Ҳукумат раҳбари котибиятини бошқариб келган Абдурашид Жўрабоев ўтган ҳафта МТРК раиси лавозимига ўтказилган эди.

Шуҳрат Содиқов 2008−2010 йилларда “Ўзбектелеком” компанияси директори бўлган, 2010 йилдан 2017 йилгача Вазирлар Маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлиб ишлаган, 2017−2018 йилларда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори бўлган. У 2018 йил августидан буён Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида ишлаган.

2021 йил ноябрида Ўзбекистонда Telegram, Instagram ва YouTube'нинг блокланиши ортидан бош вазир маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров билан бирга истеъфога чиқарилганди.

2023 йил феврал ойида ҳукумат қарори билан Шуҳрат Содиқов бош вазир котибияти мудирининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Ҳукумат тузилмасига кўра, бош вазир котибияти раҳбарининг уч нафар ўринбосари бор. Ҳозирда Тўйчиев Нусратбек Давронқулович котибият раҳбарининг биринчи ўринбосари, Қаландаров Даврон Наримович котибият раҳбарининг ўринбосари ҳисобланади. Учинчи ўринбосар лавозими – Шуҳрат Содиқовнинг бунгача эгаллаб келган ўрни бўш қолган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазирининг котибияти 2022 йил охиридаги маъмурий ўзгаришлар вақтида, Вазирлар Маҳкамасининг ижро аппарати ўрнига ташкил этилган.

Мавзуга оид