11:43 / 22.11.2017
38468

Тошкентда ёш қизни пичоқлаб, уйига ўт қўйганлар ушланди

Фото: KUN.UZ

Кўп қаватли уйдаги хонадонлардан биридан чиқаётган тутун барчанинг эътиборини тортди. Ён қўшниси шошиб чиқиб, уй эшигини тақиллатди. Эшик исиб кетган, ичкаридан садо чиқмади. Ёнғин содир бўлгани аниқ эди. У тезда ёнғин ўчириш хизматига хабар қилди, деб ёзмоқда ЎзА. 

Зум ўтмай етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этгач, хонадонни синчиклаб кўздан кечиришди. Уйда куйиб кетган инсон танаси борлиги аниқланди. Воқеа жойига жиноят қидирув бўйича тезкор ходимлар ҳамда криминалистлар етиб келишди. 

Яқиндагина таъмирдан чиқарилган хонадоннинг шу аҳволга келгани, уй соҳибларидан бирининг бундай фожиали ўлимидан ҳамма карахт эди. Ўз уйига қайтиб келиб, мудҳиш воқеа устидан чиққан аёлнинг дод-фарёди эса оламни тутди... 

Аёл вояга етган ёлғизгина қизидан айрилиб қолганига чидай олмай, нега шу оловда мен ёнмадим, дея ер муштларди... 

Аммо фожиа содир бўлган, уни ортга қайтариш ёки тўғрилаш имконсиз. 

Ҳар қандай қалбни ўртовчи, вужудни сескантирувчи бундай фожиа ўз ортидан кўплаб саволлар қолдиради: "Нега шундай бўлди?", "Унинг олдини олиш мумкинмиди?", "Бу уйда нохушлик бўлаётганини нега қўшнилар пайқамади?"... 

Бундай саволларга кўпинча аниқ жавоб топилмаслиги таассуфли. Энг ёмони, бу воқеа ёнгинамизда, Тошкент шаҳар Учтепа туманида рўй берган. Бундай хунук воқеа бошқаларни четлаб ўтишига эса кафолат йўқ. Шунинг ўзи бизни огоҳликка, ҳушёрликка даъват этади. 

...Эндигина вояга етган Алинанинг танишлари кўп эди. Шулардан бири Темур онаси эрталаб ишга кетгач, Алина ёлғиз қолишини яхши биларди. У кунларнинг бирида эрталаб уй олдига шериклари билан келиб, мана шу дақиқани кутиб ўтирди. Она уйдан чиқиб, анча узоқлашгач, улар йўлакка ўзларини урди. 8-қаватга кўтарилишгач, улардан бири хонадон эшигини тақиллатди. Алина тирқишдан эски танишини кўриб суюниб кетди ва эшикни очди. Темур эса эшикни атайлаб очиқ қолдириб, ичкарига йўналди. Сал ўтиб эшикдан кутилмаган яна икки меҳмон келганидан қиз ҳайрон бўлди. 

Йигитчалар вақтни ўтказмай уйни тинтишга тушиб кетишди. Шу орада улар қизга пичоқ ўқталиб қўрқитиш, ундан моддий қимматликларни топиб беришни талаб қилишни ҳам унутмади. Ундан жавоб ололмай, хуноб бўлган талончилар тап тортмай қизнинг дуч келган жойига пичоқ билан жароҳат етказа бошлади. Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган қиз қўрққанидан пуллар сақланадиган жойни кўрсатди. 

Талончилар бор жамғармани олиш билан чекланмай, уйдаги техника воситаларини ҳам олиб, эшикка йўл олди. Улар шу зайлда чиқиб кетганида олам гулистон эди. Бироқ, қилмишларининг изини йўқотиш мақсадида тез ёнувчи суюқликни уйга сепиб, ўт қўйишади. Шундан кейингина жуфтакни ростлашади. 

Олов ичида қолган қиз эшикни дуч келганга очиб хато қилгани учун ўзини койир, бу жаҳаннамдан чиқишга чора қидирарди. Аммо олган жароҳатлари туфайли кўп қон йўқотгани учун қочишга унда мажол йўқ эди. Ҳаётга ҳали тўймаган 18 ёшли қиз ўз ажали билан ўлса ҳам кўзлари очиқ кетарди. Бироқ тилсиз ёв бўлган олов шунга ҳам имкон бермади... 

Хўш, бундай ваҳшийликни содир этганлар кимлар эди? Улардан бири Элдор, иккинчиси Аҳмад бўлиб, бу мудҳиш жиноятни содир этган вақтда улар коллеж ўқувчиси эди. (Дастлабки терговда Темурнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаган). 

Жиноятчилар шунча ваҳшийлик эвазига олган моддий бойликларнинг умумий қиймати 2,3 миллион сўмга тенг эди, холос. Бир қарашда, улар бир инсон ҳаётини ана шундай арзон баҳолашди. Ҳолбуки, ўзларига тенгдош, орзулари ҳали бир олам бўлган қизнинг ҳаётини моддият билан ўлчаб қаттиқ адашганди. Зотан, марҳума уни бир кўз билан ўстирган онаси учун бебаҳо эди. Миллий қонунчилигимиз нуқтаи назаридан ҳам инсон ҳаёти олий қадрият бўлиб, унга суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланади.

Гарчи суриштирув ва тергов жараёнида айбланувчилар айбини бўйнига олмасдан, воқеани ҳар хил йўсинда хаспўшламасинлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари барини ойдинлаштириб берди. Ҳарқалай, воқеа арафасида, ундан кейин бўлган ҳодисаларни кўрганлар ўз ихтиёри билан гувоҳлик бериб, ҳақиқат қарор топиши учун собит туришди. (Баъзан бошимга ташвиш орттириб нима қиламан, қабилида ўзини четга оладиганлар, лоқайдликка берилганлар жиноятнинг очилмай қолишига сабаб бўлиши сир эмас). 

– Суд мажлисида аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчилар олдиндан тил бириктириб, пичоқ билан қуроллангани маълум бўлди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Муҳтарама Турғунова. – Улар жабрланувчининг уйига ғайриқонуний равишда кириб, уни ўлдириш билан қўрқитиб, пул талаб қилишган. Шафқатсизларча марҳуманинг 51 жойига тан жароҳати етказишган. Бу иш бўйича тўпланган далиллар ва экспертиза хулосалари билан ўз исботини топди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида жазо адолатли бўлиши ҳамда ҳар бир ҳолатда жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги белгиланган. Суд судланувчиларга жазо тайинлашда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди. Судланувчилардан бири Аҳмад – 8, иккинчиси Элдор – 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Жиноятчилар жазосини олди. Бироқ марҳуманинг онаси қалбида бир умрлик битмас жароҳат қолди. 

Бундай воқеалар ҳар биримиздан камолга етаётган ўғил ва қизимизнинг юриш-туришидан, ўй-фикрлари, орзу-мақсадларидан воқиф бўлишимиз шартлигини кўрсатиб турибди. Нотўғри фикр юритса, ножўя қадам ташласа, буни дарров фаҳмлаб, тўғри йўлга солсак, улар фожиалар комига тушиб қолмайди. 

Top