00:25 / 25.11.2017
42220

Самарқанд автомобиль заводининг ишлаб чиқариш линиясидан 30 мингинчи машина чиқиб келди – фото

Самарқанд автомобиль заводи — «SamAuto» МЧЖда юбилей, ўттиз мингинчи автомобилнинг тантанали чиқиш маросими бўлиб ўтди. У SAZ HC45 русумли, двигатели сиқилган табиий газда ишловчи автобус бўлди.

Конвейердан автобуснинг тантанали чиқиб келиш маросими «SamAuto» заводида заводнинг техник ҳамкорлари ISUZU Motors, Itochu Corparation «Ўзавтосаноат» АЖ вакиллари оммавий ахборот воситалари ходимлар иштирокида бўлиб ўтди.

KUN.UZ мухбирининг воқеа жойидан хабар қилишича, юбилей моделнинг фарқли жиҳати — бу модель ўзбек конструкторлари ва инженерларининг ишланмаси эканлигидадир. Автобус конструкцияси сиқилган табиий газда ишловчи автомобилларга нисбатан жорий этилган стандартларга тўлиқ жавоб беради.

Завод сиқилган табиий газда ишловчи автомобилларни серияли ишлаб чиқаришга 2014 йили киришган. 2014 йилдан 2017 йилга қадар заводда газда ишловчи двигателга эга 2 мингдан зиёд машина ишлаб чиқарилган.

Самарқанд автомобил заводи («SamAuto» МЧЖ) — автобуслар, юк ва махсус автомашиналар ишлаб чиқарадиган заводдир. Ўзининг тижорат фаолиятини завод 1999 йилда бошлаган. 2006 йилда «СамКочАвто» ҚК «Самарқанд автомобиль заводи» («SamAuto» МЧЖ) га айлантирилган ва завод Япониянинг ISUZU Motors Ltd. компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. 2007 йилнинг январидан заводда ISUZU шассиси базасида тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.

Ўз мухбиримиз.

Top