18:00 / 27.11.2017
15412

Моуриньонинг рекорди, Венгер - тўртинчи ўринда, Гвардиола - «космосда». АПЛда тур натижалари

«Трибуна» Англия премьер-лигасининг 13-тур якунларини ҳисоб қилади.

Виллиан зарба берганмиди?

«Челси» ва «Ливерпуль» жамоалари учрашувидан кейин Англияда барчани бир савол қизиқтирарди: охирги дақиқалар ўтаётган вақтда Виллиан зарба берганмиди ёки тўп узатганди? Антонио Конте бу саволга шундай жавоб қайтарди: бу муҳим эмас, муҳими «Энфилд»да дурангга эришдик.

Виллианнинг ўзи эса юзида таббассум билан «албатта бу зарба бўлгани» ҳақида гапирди. BBC экспертлари эса унга ишонишмади, аммо футболчини бу қизиқтирмайди.

Юрген Клопп эса бошқалардан фарқли равишда «Челси» футболчисининг охирги дақиқалардаги қаҳрамонлигини юқори баҳоламади. У жамоа дарвозабони Миньоленинг хатосини ҳам эсламади. Аммо у «кўклар»га ҳужум қилиб қўйди: «Қачонки рақиб 8 киши бўлиб ҳимояланар экан, ҳужум уюштириш қийинлашади».

«Ливерпуль» бундай муаммо билан аввалги турлардан бирида, «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда ҳам тўқнашганди.

«Манчестер Сити»нинг юз рекорди

«Ҳаддерсфилд» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги учрашув танаффуси вақтида твиттер жамоаларнинг таркиблари нархини ҳисоблаб чиқди. transfermarkt.de маълумотига кўра лига дебютанти футболчиларининг умумий нархи – 34,8 миллион фунт. «Манчестер Сити»нинг захира футболчилари қиймати эса – 174,4 миллион фунт. Аммо биринчи бўлимда майдон эгалари ғалабаси қайд этилди: қўшимча дақиқалар тугаётган вақтда Отаменди ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.

Гвардиола жамоаси иккинчи бўлимда ўз даражасини кўрсатиб қўйди: жамоа футболчилари кийим алмаштириш хонасидан чиқиши биланоқ Стерлинг пенальти ишлади ва Агуэро уни аниқ амалга оширди. 84-дақиқада англиялик футболчининг ўзи гол урди.

Бу ғалабадан кейин «Манчестер Сити» очколари сонини 37тага етказди. Жамоа 11 турдан буён сафар ўйинларида фақат ғалаба қозониб келмоқда. Шу билан бирга жамоа қаторасига 18 ўйинда ғалаба қайд этган илк инглиз жамоасидир. «Манчестер Сити»дан бу мавсумда фақат бир жамоа, мавсумнинг энг пароканда жамоаси бўлиб турган «Эвертон» очко олган.

«Бёрнли» - «Арсенал»: Дежавю

Бу энди шунчаки тасодиф эмас, балки тавқи лаънатдир.

2016 йилнинг октябри: Косьельни 90+3 дақиқада гол уради, «Арсенал» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
2017 йилнинг январи: Алексис Санчес 90+8 дақиқада пенальтидан гол урди ва «Арсенал» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
2017 йилнинг ноябри: Алексис Санчес 90+2 дақиқада пенальтидан гол урди ва «Арсенал» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бу сафар Дайчда ўз жамоасига эмас, ҳакам Мейсонга эътирозлар бор. У Тарковски Рэмсига фол қилмаган вазиятда 11 метрли нуқтани кўрсатди. 

Бу очколар «канонирлар»га турнир жадвалида «Тоттенҳэм»ни қувиб ўтиб, тўртинчи ўринга кўтарилишини таъминлади (Арсен Венгер ниҳоят ўз севимли жойига қайтди). «Тўртликка қайтганимиз ҳақида гапиришга ҳали эрта. Премьер лига турнир жадвали ҳар куни ўзгаради», дея ўйиндан кейин интервью берди франциялик мутахассис.

«Олд Траффорд»: Орзулар қалъаси

«Манчестер Юнайтед» стадионини бир вақтлар орзулар театри деб аташарди. Аммо ҳозирда бу томоша ўйингоҳидан кўра кўпроқ ўтиб бўлмас ёпиқ қалъага айланган. «МЮ»нинг собиқ футболчиси Эрик Кантона шу кунларда ўзига хос фикр билдирди: «Менга қолса, жамоани Пеп Гвардиола шуғуллантирсин эди. Менга унинг ўйин услуби ёқади. Мен нега клуб ўзининг ҳимоявий ўйини билан ажралиб турувчи Жозе Моуриньони ишга ёллаганини тушунмайман».

Ўз майдонида «Брайтон»га қарши ўйинда «қизил иблислар» 90 дақиқа давомида ҳужумкор ўйнашмади ва фақат меҳмонлар ҳимоячиси Данкнинг автоголи натижа келтирди.

Лекин «Манчестер Юнайтед» сэр Мэтт Басби даврида ўрнатилган рекордни - уй учрашувларида мағлубиятсиз 39 учрашувдан иборат серияни такрорлади. Охирги марта Моуриньо жамоаси 2016 йилнинг сентябрида ўз уйида «Манчестер Сити»га мағлуб бўлган.

Кейнда юзталик

«Тоттенҳэм» ўз уйида «бошсиз чавандоз»га айланган «Вест Бромвич»ни қабул қилди. Бир ҳафта илгари жамоа Тони Пулисни ишдан бўшатганди. Одатдаги каби мураббийи кетган барча жамоалар каби «Вест Бромвич» ҳам яхшироқ ўйин намойиш этди ва «қораялоқлар» «Уэмбли»дан ғалаба билан қайтиши ҳам мумкин эди, 74-дақиқагача Соломон Рондоннинг голи ягоналигини сақлаб турганди, аммо Ҳарри Кейн Деле Аллининг пасидан кейин ҳисобни тенглаштирди.

Бу гол англиялик ёш ҳужумчи учун юбилей натижа бўлди - у жамоасининг премьер-лигада урган 100 голида иштирок этган (87 гол ва 13 пас). Аммо Кейн ўз ўйинидан қониқиш ҳосил қилмади: «Дуранг қониқарсиз ҳисоб».

Албатта, қониқарсиз ҳисоб. Ахир «МЮ»дан энди 5 очко ортда қола бошлади ва «Челси»га етиб олиш имконидан маҳрум бўлиб, «Арсенал»ни олдинга ўтказиб юборди.

Турнинг барча натижалари:
«Вест Ҳэм - «Лестер» – 1:1 (1:1).
Голлар: Олбрайтон, 8 (0:1). Куяте, 45 (1:1).
«Суонси» - «Борнму«» – 0:0.
«Тоттенҳэм» - «Вест Бромвич» – 1:1 (0:1).
Голлар: Рондон, 4 (0:1). Кейн, 74 (1:1).
«Кристал Пэлас» - «Стоук Сити» – 2:1 (0:0).
Голлар: Шақири, 53 (0:1). Лофтус-Чик, 56 (1:1). М.Сако, 90+2 (2:1).
«Манчестер Юнайтед» - «Брайтон» – 1:0 (0:0).
Гол: Данк, 66 – автогол.
«Ньюкасл» - «Уотфорд» – 0:3 (0:2).
Голлар: Ҳьюз, 19 (0:1). Йедлин, 45+1 - автогол (0:2). Грэй, 62 (0:3).
«Ливерпуль» - «Челси» – 1:1 (0:0).
Голлар: Салоҳ, 65 (1:0). Виллиан, 85 (1:1).
«Саутҳемптон» - «Эвертон» – 4:1 (1:1).
Голлар: Тадич, 18 (1:0). Сигурдссон, 45 (1:1). Остин, 52 (2:1). Остин, 58 (3:1). Дэйвис, 87 (4:1).
«Бёрнли» - «Арсенал» – 0:1 (0:0).
Гол: Санчес, 90+2 - пенальтидан.
«Ҳаддерсфилд» - «Манчестер Сити» – 1:2 (1:0).
Голлар: Отаменди, 45+1 - автогол (1:0). Агуэро, 47 - пенальтидан (1:1). Стерлинг, 84 (1:2). Четлатиш: ван Ла Парр (Ҳ).

Турнир жадвали

Top