Спорт | 17:10 / 16.11.2020
8072
15 дақиқада ўқилади

«Чемпион ҳикоялари». Гнабри Венгер билан учрашуви, «Бавария» орзуси ва коридорнинг нариги томони ҳақида

У карантиндан кейин давом эттирилган Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичи қаҳрамонларидан биридир. Аввалига «Арсенал», кейин «Вест Бромвич» таркибидан, кейин умуман Англия майдонларидан йўқолиб қолган, балки ҳеч қачон эсламаслигимиз ҳам эҳтимол бўлган бир пайтда у Чемпионлар Лигаси ярим финали тақдирини ҳал қилувчи голни урди. Аввалроқ «Барселона»га қарши учрашувда бурилиш ясаган ҳам айнан Серж Гнабри эди. Бугунги ҳикоя муаллифи.

Арсен Венгер билан илк учрашувимни ҳеч қачон унутмайман.

16 ёшда эдим. Эндигина ўн олтига тўлган пайтим. Мен учун жуда ҳаяжонли палла, чунки Германиядаги бутун ҳаётимни ташлаб, «Арсенал» сафига келиб қўшилгандим. Табиийки, 6 минг киши яшайдиган қишлоқдан Европанинг энг катта шаҳарларидан бирига келиш осон эмасди. Тасаввур қилинг, Германияда кўча тўла «БМВ» машиналари, лекин илк марта Лондонга келганимда ва мени ота-онам билан аэропортдан олиб кетгани «БМВ» келганида бу худди туш ёки бирор кинода рўй бераётгандек туюлганди – «ваауу!!!». Ажойиб!

Арсеннинг хонасига ойим ва дадам билан кириб бордик. У шунчаки, «қалайсан, Серж, ишлар яхшими?» деб оддий гаплашди. Эсимда, тиржайиб турардим ва ўзимни тўхтата олмасдим. Масалан, дўстингиз «бўлди қил, кулма» деб танбеҳ берса, бадтар кулги келади-ку, шунақароқ ҳолат бўлганди. Ўйлашимча, нари борса ўнтадан кўп сўз айтганим йўқ. Бутун учрашув давомида фақат битта ўй миямда чарх ураверди: «Вой, Худойим, Арсен Венгер менинг исмимни билар экан...»

Кейин у коридор ҳақида ҳам гапирди. Билсангиз, «Арсенал»нинг машғулот базасида бир коридор бўлиб, у ёшлар ва асосий жамоа ҳудудини ажратиб туради. Арсен агар қаттиқ меҳнат қилишда давом этсам, нариги тарафга ўтиш имкониятига эга бўлишимни айтди. Бу ўзига яраша допинг, тасаввур қиляпсанми, яқингинада, коридорнинг нариги тарафида сен телевизорда кўриб юрган футболчиларингни кўрасан ва уларнинг сафига қўшилишинг мумкин.

Арсен шунақа гапларни айтаётганда, отамнинг юзидан «Аҳа, тўппа-тўғри, Арсен, яхшироқ тушунтир, ўзинг айт шунақа гаплардан» деган маънони уқиш мумкин эди. Мен ҳалиям кулиб турар, отам эса, энди овоз чиқариб, «Ҳа, мен ҳам шунақа дейман нуқул, Арсен, у кўпроқ меҳнат қилиши керак. Доим айтаман!»

Хахахаха. Роса уялдим. «Дада, нималар деяпсиз ўзи? Яна нималарни айтгандингиз? Сал хотиржам бўлиб, камроқ гапирсангиз нима қиларкин-а?»

 

Сиз уни яхши билмайсиз. Қонимда икки томоннинг кучли жиҳатлари жамланган. Албатта, она томонимнинг немис қонидан фахрланаман. Отам африкалик, у Германияга ёш йигитлигида келган ва шунинг учун ҳаётга ўзига хос қараши бор. Болалигимдан эслайман, ҳар куни кечқурун у Кот-д’Ивуардаги ака ва опалари билан камида икки соат гаплашарди. У пайтларда уяли телефонлар урф бўлмаган, мен ўртоғим билан ўз хонамда, уй телефонида гаплашиб ўтирганимда, отам кириб келарди – «Серж, трубкани қўй, ҳозир амманг телефон қилади».

Шундан сўнг, то ярим кечасигача, нариги хонадан отамнинг французчалаб оиласи билан чақчақлашиб ўтиришини эшитиб ётардим. Очиғи, унинг бу одатини тушуниш учун, худди у каби муҳожир бўлиб кўриш керак – бутунлай бошқа менталитет. Ёшлигимда ота-онам менга бошқалардан кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини айтишарди. Чунки рангим атрофимдагиларга ўхшамасди. Тўғри, Штутгарт ёнидаги кичкина қишлоқчада мен ҳеч қачон расизм муаммосига дуч келмаганман. Бошқалардан бироз фарқли эканим кўриниб турса-да, ўзимни бу учун бошқача ҳис қилмаганман.

Аммо отам менга доим айтарди: «Сени бошқалар қабул қилишини истасанг, доим икки баробар кўпроқ меҳнат қилишга тайёр эканингни кўрсатишинг керак. Улар сени дангаса деб ўйламасликлари шарт. Икки баробар қийинроқ. Икки баробар».

Унинг бу сўзлари доим қулоғим остида жаранглаб келган.

11-12 ёшимда Вайссахнинг сунъий майдонига дадам билан чиқардик, у тинмасдан, жарима майдонига кириб, дарвозанинг турли бурчакларини нишонга олишни буюрарди. У менга агар юқори бурчакни кўзлашни ўргансам, катта бўлганимда жуда кўп гол уришимни уқтирарди. Мен вазифасини уддалаган тақдиримда ҳам фақат «Яхши Серж, энди яна» деган олқиш эшитардим, холос.

Менимча, оталарда қандайдир ички сезги бўлади. Келажакни қандайдир шаклда кўришадимикин, деб ўйлайман. Ҳозирда айнан шу услуб менинг асосий қуролимга айланган. Жарима майдонига ёриб кирасан ва «бум»! Бу ишни оёқларим ўша Вайссахдаги «хотира» билан автоматик равишда бажаришади.

Ахир биз бу билан то ўн беш ёшимгача шуғулланганмиз. Фақат у ва мен. Албатта, баъзида зериккан, вақтимни ўртоқларим билан ўтказиш, кинога бориш, одатий яшаш истаги ҳам бўлган. Аммо бошқа тарафдан, кўнглимнинг тубида орзуларим ҳам бор – уларга қандай эришиш мумкин. Агар ўсмирлик чоғимда, ёнимда буни тушунтириб, ёнимда турадиган инсон – отам бўлмаганида, билмадим, шундай қолиб кетардим. Гап фақат ўша машғулотларда ҳам эмас, инсон сифатида шаклланишимда.

Кимгадир тушунтириб бериш қийин – 15 ёшда чўнтакда пул йўқ, маҳаллий оддий жамоада ўйнаб юрган болакайнинг 17 ёшда Премьер Лига клуби билан шартномага, эътиборга, пулларга эга бўлиб қолганда нималарни ҳис қилиш мумкинлигини. Ҳаётинг нолдан юз баллгача бўлган масофани тезлик билан босиб ўтади.

Бир куни ўртоқларинг билан Месут Ўзилни томоша қиласан ва у сенинг кумиринг. Икки йил ўтиб эса, у билан кофе ичиб ўтирибсан. Унинг Криштиану билан биргаликда Эл Классикода ўйнаганини томоша қилгансан, энди эса, у сендан ҳол-аҳвол сўрайди. Ишониш қийин. Бир зумда буни қабул қилиш ҳам осон эмас. Аслида ким бўлганингни эслаш қийинлашиб боради.

 

Пьер Мертезакер доим менга жиддий эътибор берган. Яхши маънода. «Арсенал»да у менинг акамдек бўлиб қолган, ёмон ўйинлардан кейин ҳам, сабр қилишимни маслаҳат берарди.

Агар Пьерни яқиндан танимасанг, бу сўзлар унчалик таъсир қилмаслиги мумкин. Ҳис қилиш учун ўша пайтда унинг юзини кўришинг, овозини эшитишинг керак. Пьер – дунёдаги энг ёқимли йигит. Шу билан бирга, у энг немис одам ҳам. Гўёки, унинг ҳар бир сўзи жуда муҳим ва жиддий қабул қилинади. Шу билан бирга, меҳрни ҳам сезасан. Худдики, у сенга юқоридан қараб, қўрқитмоқчидек, шу билан бирга сени яхши кўради ҳам. Буни инглиз тилида қандай тушунтиришни билмаяпман, бу худди мулойим Арнольд Шварценеггерни кўз олдингга келтир, шунақароқ.

Машғулотларда нима қилсам ҳам, кейин у менинг олдимга келарди: «Серж, қаерлик эканингни унутма. Сен Штутгартдансан. Сабр қил! Камтар бўл! Ўрганиб кетасан. Хотиржамликни ўрган!»

Қаёқда. Ўзи хотиржамликни уқтиради ва беш дақиқа ўтмай, бақиради – «Сеееееерржж». Ҳаммаси тугагач, у яна мулойим, хотиржам, ёқимли йигит.

 

Хуллас, юқорида айтганимдек, ўзгаришларни ҳис қилиш қийин бўлади. Сен 15 ёшингда ота-онангдан пул олиб яшаб юрасан ва бир айланиб, 17-18 ёшда бутун оилангдан кўп пул топишни бошладинг. Буни эплаб кетиш осонмас. Эсимда, асосий таркибда ўйнай бошлаганимда, орқа олдимга қарамай пул сарфлашни бошладим, кераксиз матоҳларни ҳам катта пулга сотиб олардим. Ҳожатхона учун 600 фунтга яшик, ялтираб ёниб турадиган насронийлар лабутени, Rolex соати...

Ота-онам бундан қўрқиб кетишди. Яна улар ниманидир ҳис қилишгандек гўё, мени қайтара бошлашди. Онамнинг сўзлари эсимда: «Серж.. биласанми, буларнинг ҳаммаси доим ҳам бўлавермайди. Бунақа исрофгар бўлмаслигинг керак. Сен доим ерда қолишинг керакки, бир кун ҳаммасидан айрилиб қолишинг мумкин».

Ўша суҳбатдан бир неча ҳафта ўтиб, ростан ҳам синдим. Ҳаммаси барбод бўлди. Тиззамдан жароҳат олиб, саккиз ой майдонга туша олмадим. Қайтганимда эса, асосий таркибга киролмай қолдим. Кейин «Вест Бромвич»га ижарага бериб юборишди. Онам ҳаммасини олдиндан кўрганди.

«Вест Бром» ҳақида ҳам гаплашишимиз керак.

 

Энг кулгилисини айтайми? Нима бўлгандаям, мен «Вест Бромвич»га ижобий ҳислар билан ташриф буюрдим, зеро газеталарда ёзишларича, жамоа мураббийи мен ҳақимда илиқ фикрда эди, айнан шу туфайли, бошқа жамоалардан кўра, айнан «Вест Бромвич»ни танлаган эдим. Яхши формада эмасман ва шунинг учун бу мураббий билан менда қайтиш имконияти бўлишига ишонардим. Мен ҳужумкор футболчиман, аммо «Вест Бромвич» умуман бошқача услубда ўйнарди. Ундай бўлса... Нега мени бу ерга таклиф қилишди ўзи?

«Челси» билан ўйинда 15 дақиқа югурдим, шу билан ҳатто учрашувлар заявкасига ҳам киритилмасдим. Олти ой ўйинларни трибунадан кузатиб, ўзимга бўлган ишончим сўниб кетган, бунинг изоҳини айтадиган одам ҳам йўқ эди.

Ҳа, мукаммал футболчи эмасдим. Эндигина 19 ёшга кирганман. Эҳтимол, машғулотларда хатоларга йўл қўярдим. Аммо бир томондан виждоним пок – доим бор имкониятимни ишга солганман. Айниқса, ўзим ҳақимда, дангасалигим, маҳоратим етишмаслиги ҳақидаги шарҳлар оғир ботарди. Отам қандай менталитет асосида мени тарбиялаганини билиб туриб, бундай тамғалар остида қолиш умримда ҳис қилмаган янгича туйғуни пайдо қилди – жаҳл. Мен ўса бошладим.

Бундай паллаларда атрофингда дўстлар камайиб кетади. Кимларнидир йўқотиб қўясан. Ёнингда фақат яқинларинг, оиланг қолади. Ана ўшанда хотиралар гирдобида қоласан, айнан ўша хотиралар, агар ростан ҳам тўғри йўналишда бўлса, сени қайта тарбиялайди.

Ана, отам билан паркда машғулот ўтказяпмиз, у менга доим икки баробар кўпроқ шуғулланишим кераклигини мингинчи марта такрорлаяпти. Ана, ойим шон-шуҳрат ва пул абадий эмаслиги ҳақида уқтирмоқда. Пьер камтар бўлишга чақиряпти, Арсен Венгер коридорнинг нариги тарафи ҳақида маъруза ўқияпти. Биласанми, оғир кунларда ўша воқеалар сенга энди бошқачароқ таъсир қила бошлайди. Худдики, ўша воқеалар, ўша насиҳатлар айнан бугун учун айтилгандек...

Мен икки қадам олдинга юриш учун бир қадам ортга ташлашга мажбур бўлдим. Германияга, 16 ёшда ташлаб кетган дўстларим олдига қайтиш, «Вердер», «Ҳоффенҳайм» каби ростан ҳам мени таркибида истаётган жамоаларда ўйнаш ижобий таъсир қилди. «Бавария» либосида Чемпионлар Лигаси мусиқаси садоси остида майдонга тушиб бориш эса, шунчаки, даҳшат. Ҳозир мен «болаликда шу жамоада ўйнашни орзу қилгандим» десам, ҳаммасини айтмаган бўламан.

Эсимда, тўққиз ёшлигимда биз Дортмунд ва Мюнхенга бориб, мусобақада қатнашгандик. «Бавария» болалар жамоасига қарши майдонга тушганимизда, улар кийиб олган ялтироқ, қип-қизил либослардан кўзларимиз ўйнаб, ҳаяжонланиб кетганмиз. Қачондир, бир куни шу либосни кияман, деб сўз бердим ўзимга.

Келаси йили, дадам билан мусобақадан қайтар эканмиз, у совуққонлик билан «Бавария» мураббийи билан гаплашганини, у мени ўз жамоасида кўрмоқчи бўлаётганини айтди. Чайнаётган мевамни ютиб, жавоб беришга оғиз жуфтлашга улгурмай, дадам қатъий ва хотиржам оҳангда деди: «Йўқ, сен биз билан қоласан. Атиги 10 ёшдасан. Биз эса, Мюнхенга кўчиб бора олмаймиз».

Уйга келгунча, йиғлаб келдим.

Шунинг учун ҳозир «Бавария» либосида майдонга тушишим катта воқеа. Бир мен учун эмас. Ёшлар жамоаларида Жошуа Киммих, Леон Горецка ва Никлас Шюлелар билан ўйнаб катта бўлганмиз. Шунингдек, Дэвид Алаба билан ҳам дўстлашиб кетдик. Агар қандайдир мотивация керак бўлса, ечиниш хонасида уларга қарашим етарли – «тушуняпсанми» «Бавария» асосий таркиби ўйинчисисан. Сен ва бу болалар чиндан ҳам бу ердасизлар... Жинни бўлиб қолиш мумкин-ку» дейман ўзимга ўзим.

Биз турли йўллардан кетдик. Аммо ҳаммамиз коридорнинг нариги тарафига ўтишни уддаладик. Бу шунчаки, улғайиб, вақт ўтиб, содир бўлмаслигини жуда яхши биламан.

Ижтимоий тармоқларда бир иқтибосни кўп ўқийман, менимча тўғри бўлса керак: «Футбол – ҳаётдаги энг муҳим аҳамиятсиз нарса».

Дунёда, айниқса, ҳозир жуда кўп жиддий воқеалар бўлмоқда, футбол эса, шунчаки, бир ўйин. Аммо бу ўйин одамларни бирлаштиради. Қачонки, оёқларингиз остида тўп бўлар экан, ўзингизни ёмон ҳис қилмайсиз.

Биз турли йўллардан юрдик. Аммо ҳаммамиз коридорнинг нариги тарафига ўта олдик.

Ҳамон ёдимда, илк бор отамнинг ватани бўлмиш Кот-д’Ивуарга борганимда, 13 ёшда эдим ва амма-амакимларнинг болалари билан футбол ўйнардик. Чим тиззагача ўсиб кетган, французчам шу қадар ёмонки, гапиришга ҳожат йўқ, аммо улар билан тўп тепиш шунақанги мазза эдики... Шунчаки тўп тепиб бахтли бўла олардик. Футбол ўйнаётган болакайлардан келадиган товушларни тасаввур қилиб кўринг-а? Тушунарсиз, маъносиз, лекин ўша сас бахтнинг овозидир.

Дунёдаги энг муҳим аҳамиятсиз нарса нима биласизми?...

Яна учрашгунча.

Серж

Мавзуга оид