16:17 / 28.11.2017
6954

"Ўзтрансгаз" газдан хавфсиз фойдаланишга бағишланган III республика семинарини ўтказди

Фото: KUN.UZ

28 ноябрь куни пойтахтдаги Wyndham Tashkent меҳмонхонаси анжуманлар залида "Ўзтрансгаз" ташаббуси билан "Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш" мавзуидаги III республика семинари ўтказилди. Унда "Ўзтрансгаз" раҳбарияти, компания тизимидаги масъул ходимлар, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек қатор манфаатдор идоралар вакилларидан иборат 300дан зиёд киши иштирок этди. Семинарни ташкил этишдан мақсад - жойларда газдан хавфсиз фойдаланиш юзасидан аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларини ўтказиш ва бугунги кунда кўп учраётган ис газидан заҳарланишдек салбий ҳолатларнинг олдини олиш. Семинарда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Анжуманда таъкидланишича, қиш фаслида табиий газга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Бундай пайтларда аввало табиий газдан хавфсиз ва оқилона фойдаланишга эътиборни кучайтириш талаб этилади. Аҳоли томонидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланиш, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, носоз ҳолатдаги дудбуронлардан фойдаланиш ҳамда хонадон ичида очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланиш ҳолатларининг учраб туриши фуқароларнинг ис газидан заҳарланишига, шунингдек ҳаво ва газ аралашмасини чақнаши натижасида жабрланиши ва ҳаттоки ҳалок бўлишига сабаб бўлмоқда. 

Ис гази - хонадонларда фойдаланиладиган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган газ. У инсон организмининг нафас йўллари ва аъзоларига кучли таъсир қилади - ис гази нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб тизимига зиён етказади.

Ис газидан қатор органик моддалар синтез қилувчи корхоналарда, гаражларда, вентиляция ёмон бўлганда, янги бўялган, шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек уй шароитларида табиий газ ёниб турганда ва печка билан иситиладиган уйларда печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда заҳарланиб қолиш мумкин. 

Шуни эътиборга олиш лозимки, бундай ҳолатларни пайдо қилувчи, иштирокчи ва жабрланувчи ҳам инсонларнинг ўзи бўлмоқда. Айниқса, юзага келаётган талофатларда ёш болаларнинг жабр кўраётгани ва ҳатто улар ўлимининг қайд этилаётгани ўта ачинарли ҳолдир. Бундай мудҳиш воқеаларга аҳолининг кўп ҳолларда турмушда хавфсизлик талабларини билмаслиги ёки уларга бепарволик билан қараши сабаб бўлмоқда. 

Анжуманда фавқулодда вазиятлар содир бўлган тақдирда кўрилиши лозим бўлган чоралар, турмушда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, жабрланувчиларга биринчи ёрдам кўрсатиш, юзага келиши мумкин бўлган фожиаларнинг олдини олишга оид маърузалар ўқилиб, муҳокама қилинди ва шунга доир видеороликлар намойиш этилди. Бундан ташқари, соҳа мутахассислари мавзуга доир таклифлар билдиришди. 

Top