Айни пайтда 13 минг кмдан ортиқ юқори босимли қувурлардан иборат газ транспорт тизими ва муҳандислик иншоотларига хизмат кўрсатувчи “Ўзтрансгаз” АЖ жамоасида 820 нафар хотин-қизлар ҳам меҳнат қилади. Улар орасида раҳбарлар, муҳандис, диспетчер, оператор ва чилангарлик каби аёллар учун мураккаб бўлган касб эгалари бор. Мақолада йўналишда амалга оширилган ишлар ва тажрибали ходималар ҳақида сўз юритамиз.

Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси назорат ўлчов асбоблари ва автоматика бўлими ходими Ирина Фаттахова улардан бири. Газли шаҳрида туғилган Иринага газчилик ота касб. Тизимда ишловчи ходимлар турли миллат вакиллари экани ҳам эътиборли жиҳат. Татар қизи Ирина бугун байналминал жамоада турли миллат вакиллари билан аҳилликда ишламоқда.

Тажрибали мутахассис И.Фаттахова аввал "Газлитрансгазқазибчиқариш" бошқармасида муҳандис бўлиб иш бошлаган бўлса, кейинги 10 йилдан ортиқ ҳаёти Газли МГҚБ билан чамбарчас боғлиқ. Бугун 5-"Б" газ сиқув компрессор станцияси муҳандисини меҳнат жамоасидагилар ҳурмат қилади. Магистрал газ қувурлари тармоғида бундай аёллар оз эмас. Юртимизда хотин-қизларга эътибор ортиб, масалага давлат сиёсати даражасида қаралаётган кейинги пайтларда “Ўзтрансгаз” АЖда ҳам бу борадаги ишлар янги босқичда олиб бориляпти. Хусусан, маданий-маърифий тадбирлар, тиббий кўрик ва спорт мусобақалари шулар жумласидан. Айниқса, Жамият раҳбарининг тизимдаги хотин-қизлар билан учрашиб мавжуд ҳолатни бевосита аёлларнинг ўзларидан эшитиш тартиби йўлга қўйилгани эътиборли. Бундай самимий суҳбатларда янги ташаббуслар, ғоялар илгари сурилмоқда. Мавжуд муаммоларни ечиш, шароитларни янада яхшилаш мақсадида саъй-ҳаракатлар амалга ошириляпти.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз аёлларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, барча соҳада гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояланиши ҳамда ижтимоий муҳофазаси масаласида қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида тармоқ аёлларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, муаммоларини ҳал қилиш, рағбатлантириш, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларига алоқадор масалаларни таҳлил қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасидаги ишларни янада жонлантириш учун Бошқарув раисининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди. Бу янгилик – йўналишда янги саҳифа очди ва тадбирлар қамровини кенгайтиришга имкон беради. Бугун Зомин туманида “Ўзтрансгаз аёллари, бирлашайлик!” мавзусида ўтказилган 4-форумда бу ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.


















